November 26, 2019

КОНСТИТУЦИЯ – ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИМИЗ

 Наманган шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди ташаббуси билан “Конституция – ҳуқуқий кафолатимиз” ва “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари” мавзуларида ҳуқуқий тадбир ўтказилди.

Тадбирда ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси А.Сафаев “Конституция – ҳуқуқий кафолатимиз” ва “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари” мавзуларида тадбир қатнашчиларига атрофлича маълумот берди.

Жумладан, яқинда мамлакатимизда ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллик байрами кенг нишонланишини, Конституциямиз халқимизнинг эрки ва иродасини акс эттирувчи асосий Қонун, яъни ҳаётимиз қомуси ҳисобланишини билдириб, Конституциямизда мустаҳкамланган ҳуқуқларимиз ҳақида тўхталиб ўтди.

Маърузачи Конституциямизнинг 5-бобига тўхталар экан, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз эканлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлигини таъкидлади.

Маърузачи кун тартибидаги иккинчи мавзу юзасидан сўзини давом эттириб, демократик-ҳуқуқий давлатни ривожлантириш уни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳақиқий шарт-шароит ва ҳуқуқий асосини яратиш лозимлигини, мамлакатимизда бунинг учун барча шароитлар мавжудлигини, бунинг яққол амалдаги мисоли сифатида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинганлигини, ушбу кодекс шу вақтгача амалда бўлган сайлов тўғрисидаги 26 та қонун ҳужжатларини қамраб олганлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида сайловларнинг аҳамияти ниҳоятда муҳим бўлиб, сайловлар натижасида мамлакат фуқароларининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки таъминланади, бу эса халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлигининг яна бир амалдаги исботи эканлигини йиғилганларга тушунтирди.

Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга етган барча фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади ва сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

Қонунда сайловчининг бузилган сайлов бюллетенини янгиси билан алмаштириш ҳуқуқи кафолатланади. Сайлов бюллетенини алмаштириб беришини тегишли участка сайлов комиссияси амалга оширади.

Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар белгиланган шакилдаги сайлов варақасини олдиндан тўлдириш йўли билан овоз бериш ҳуқуқига эга. Саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра сайлов биносига келиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун тегишли участка сайлов комиссияси уларнинг овоз беришини турган жойларда ташкил қилиниши тўғрисида тушунтириб ўтди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди