ОЛИЙ СУД САЙЁР ҚАБУЛЛАРИДА 41 НАФАР ШАХС МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ЭТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Т.Худайберганов бошчилигида назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида Сурхондарё вилоятида сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исаков ва Олий суд судьялари томонидан Термиз шаҳар, Ангор, Термиз ва Жарқўрғон туманлари фуқароларининг мурожаати ўрганиб чиқилди.
Қабулдаги 157 та мурожаатдан 71 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 86 та фуқаронинг ёзма мурожаати қабул қилинди. 2 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.
74 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов хайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Сайёр қабуллар доирасида сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман ва Термиз шаҳар суди, Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туман судлари томонидан 41 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан
7 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан
1 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, қамоқдан озод этилди.
Шунингдек, 19 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилиб, аризалар қаноатлантирилиб, маъмурий иш юритувдан тугатилди.
Қабулда жиноят ишлари бўйича муаммолари ҳал бўлган
10 нафар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати