November 14, 2019

НОТИНЧ ОИЛАЛАРДАГИ МУАММОЛАР ЎРГАНИЛДИ

 Самарқанд шаҳрида жойлашган “Оила” марказида нотинч оилалардаги муаммо ва низоларини ўрганиш ҳамда бартараф этиш, ажрашиш ёқасида турган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Йиғилишни Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова олиб борди.

 Мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

 Ушбу очиқ мулоқотда 50 дан зиёд оила вакиллари иштирок этди. Тадбир иштирокчиларига дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюртмасига кўра тайёрланган “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли видеофильм намойиш этилди.

 Тадбирда Олий суд судьялари Г.Парпиева ва М.Рабиевалар сўзга чиқиб, нотинч оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, қариндошлар ўртасида ўзаро мулк талашиш, эр-хотин, қайнона-келин ва бошқа оилавий муносабатларда ўзаро низолашганларни яраштириш, оила мустаҳкамлигини сақлашда эр-хотиннинг роли юзасидан мисоллар асосида фикрлар билдиришди.

– Оилалар манфаатини ҳимоя қилиш, оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масаласига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани бежизга эмас, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова – Мазкур очиқ мулоқотни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, бегуноҳ, норасида гўдакларни тирик етим қилмаслик, гулдек оилаларни пароканда бўлиб кетишига йўл қўймасликдан иборатдир.

 Тадбир давомида ташриф буюрган оила вакиллари ўзининг мавжуд муаммолари бўйича судьялар, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, имом-хатиблар, психологлар, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари билан юзма-юз суҳбат ўтказиб ўзаро фикрлашди. Ўрганиш давомида оилаларда юзага келган иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг кўпчилиги шу жойнинг ўзида бартараф этилди.

 Ҳамкорликда ўтказилган очиқ мулоқотда ажрим ёқасида турган 20 дан ортиқ низоли оила бузилиб кетишининг олди олинди. 6 нафар оила яраштирилди.

 

Хумоюн Эсонов, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ходими