БАНКИРНИНГ КИРДИКОРЛАРИ ФОШ БЎЛДИ
Бугун жамиятимизда турли соҳаларда мансабдор шахслар ёки идораларда ишловчи ходимлар томонидан давлат ёки бўлмаса фуқаролар мулкини ўзлаштириш жиноятларини содир этилиши тез-тез учраб турибди. Бу каби ҳолатлар эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилишига, натижада эса уларнинг банк тизимига бўлган ишончини йўқолишига сабаб бўлмоқда.
Бироқ, ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Ана шундай ўзганинг мулкини ўзлаштириш жиноятини содир этган шахсга суд ҳукми ўқилди.
2019 йил 16 апрель куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Навбаҳор туман суди томонидан АТ "Халқ банки"нинг Хатирчи филиали ходими С.Олимовга
(исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди.
С.Олимов АТ "Халқ банки"нинг Хатирчи филиали пластик карточкалар тизимини ривожлантириш шўъбаси етакчи мутахассиси вазифасини бажариб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзига тегишли логин ва пароль орқали ўзганинг компьютер тизимига давомли равишда рухсатсиз кириб, 2016 йил 18 сентябрдан 2016 йил 14 октябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида, банк мижози бўлган
28 нафар фуқаронинг дует пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган жами 1.457.127 сўм 25 тийинлик пул маблағларини, уларнинг номига бошқа пластик карта бириктириш йўли билан, 2016 йил 27 ноябрдан
2018 йил 24 январь кунига қадар бўлган вақт оралиғида, ўзига тегишли бўлган
телефон рақамига уланган "СLICK" тўлов тизими орқали, банк мижози бўлган
80 нафар фуқаронинг пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган жами 14.160.074 сўмлик пул маблағларини ўзининг ихтиёрида турган фуқароларнинг номига очилган янги пластик карталарига ўтказиш орқали, 2016 йил 30 сентябрдан 2018 йил 1 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида, банк мижози бўлган 53 нафар фуқаронинг пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган жами 11.809.800 сўмлик пул маблағларини ўзининг ихтиёрида турган фуқароларнинг номига очилган янги пластик карталарига ўтказиш орқали, жами 161 нафар шахсларнинг
27.427.100 сўм 25 тийин миқдордаги пул маблағларини компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Суд томонидан АТ "Халқ банки"нинг Хатирчи филиалининг ходими С.Олимов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва уни фуқароларга етказган 27.427.100 сўм 25 тийин миқдордаги зарарларни тўлиқ қайтарганлиги эътиборга олиниб, унга ЖКнинг 45 ва 60-моддаларини қўллаб, 3 йилга муддат мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Аваз Ибодов, Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси