ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Тошкент давлат Аграр университети Термиз филиалида талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди судьялари ва талабалар иштирок этишди.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси Б.Джумаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, ёш авлод вакилларини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти, билимлари ва масъулиятини ошириб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шундан сўнг, вилоят иқтисодий суди судьяси Д.Алмуратова коррупция жиноятларининг тавсифи ва унга қарши кураш, судья Ш. Элиев никоҳ тузиш тартиби, судья У.Раупов хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан химоя қилиш масалаларида ўз чиқишлари билан қатнашдилар.
Учрашувда талабалар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан судьяларга юзланишди ҳамда оила, меҳнат қонунчилигида ёшларга берилган кафолатлар, кундалик ҳаётда учраб турадиган бошқа фуқаровий ҳолатлар бўйича кўплаб саволларга жавоб олишди.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди