ТЕКИН БОЙЛИК БУЮРМАС...
Халқимизда бир ажойиб нақл бор. “Текин бойлик буюрмас”.
Бугунги кунда жамиятимизда тадбирли ёшларимизга анча кенг имкониятлар яратилган. Бироқ, айрим ёшларимизнинг ҳар қандай масалаларни мустақил тарзда эплай олиши ва қўрқувни енга олиш қобилиятларини ярамас ишларга сарфлаши хазм қилиб бўлмайдиган ҳолат ҳисобланади.
Ховос туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган Достон Тоҳиров (исм- шарифлар ўзгартирилган) айни кучга тўлган вақтда касб ҳунар ёки олий маълумот олиш ўрнига бойлик орттириш дардида кундан-кун ўзининг халоватини йўқотиб борарди.
Унинг учун бойлик орттиришни икки йўли мавжуд, яъни ҳалол меҳнат ёки кимнидир пешона териси билан топилган мулкини ўмариш. Қайси бирини танлаш эса анча қийин масалага айланди ҳамда унинг танловида бойлик орттиришни осон йўли устунлик қилди.
Шу мақсадда, Д.Тохиров жорий йил 6 май кунидан 7 май кунига ўтар кечаси Ширин шаҳрида И.Исломов ижара асосида фойдаланиб келаётган суратхонанинг деворини темир жисм ёрдамида бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, суратхонадаги турли хилдаги мулкларни талон-торож қилган.
Дастлабки уриниш муваффақиятли якунлангани, Д.Тоҳировнинг кейинчалик такроран, 27 июнь кунидан 28 июнь кунига ўтар кечаси Я.Матхолиқовга тегишли музқаймоқлар савдо дўконидан 70.000 сўм пулларни, шу куни А.Хакимовга тегишли озиқ-овқат савдо дўконидан умумий нархи 2.577.500 сўм ва буюмларини яширин равишда талон-торож қилишига замин яратди.
Бироқ, “бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб бекорга айтишмайди. Олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида Д.Тоҳировнинг қилмишлари фош этилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.
Иш очиқ судда кўрилишида Д.Тоҳиров ўзи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди ҳамда унинг яқин қариндошлари томонидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди.
Ўз навбатида жабрланувчилар ҳам ўзларига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги учун Д.Тоҳировга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдириб, жазо тайинлашда унга енгиллик беришни сўраб судга ариза билан мурожаат қилишди.
Ишда қатнашган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши вакили томонидан тақдим этилган кафолатномага кўра, Д.Тоҳировнинг бундан буёнги хулқи тўлиқ назорат остида бўлиши, унинг қайта жиноят йўлига кирмаслиги юзасидан тузилган чора-тадбирлар режасини тақдим қилди.
Суд, инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, Д.Тоҳировнинг ўз қилмишига нисбатан муносабати, яъни ҳаракатлари оқибати ва жавобгарликнинг муқаррарлигини тушуниб етганлиги, келгусида қайта жиноят содир этмаслиги ҳақидаги кўрсатувлари, пушаймонлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмасдан туриб ҳам қайта тарбиялаш мумкин, деган қатъий хулосага келди. Д.Тоҳировга озодликни чеклаш тариқасидаги жазони тайинлаб, уни келгусида меҳнат фаолияти билан шуғулланишига ва таълим олишига имконият яратди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ёшлар иттифоқи ўртасида тузилган меморандум билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни касбга ёки ўқишга йўналтириш борасида муҳим ҳужжат ҳисобланиб, ушбу ҳужжат асосида берилган имтиёз ҳамда енгилликларни суиистеъмол қилмаслик лозимлиги ҳар бир ёшнинг онги-шуурига етказилмоғи лозим.
Х.Сарманов, Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг раиси