December 12, 2019

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ЙЎЛИДА

 Ватанимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Мазкур ислоҳотлар инсон манфаатларига йўғрилган, адолат ва қонун устуворлигига таянган, аҳолининг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаган тараққиётимизнинг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони асосида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.

Ҳаракатлар стратегиясига Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилган мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга оид концептуал ғоялар методологик асос бўлди ва улар асосида қуйидаги бешта устувор йўналиш белгиланди:

1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш.

2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш.

3. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш.

4. Ижтимоий соҳани ривожлантириш.

5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

Ушбу йўналишлардан иборат Ҳаракатлар стратегиясини 2017-2021 йилларда амалга ошириш назарда тутилган.

Ўтган йиллар мобайнида босқичма-босқич қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, 2017 йилда Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш Департаменти ташкил этилди. 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари, шунингдек маъмурий судлар ташкил этилди. Судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланди. Конституциявий ва Олий судларнинг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёш, бошқа судларнинг судьялари учун 65 ёш этиб белгиланди.

Суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколати тугатилди.Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслари янгитдан қабул қилинди.

Жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсларни ушлаб туриш муддатлари кескин қисқартирилди, эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ҳамда дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди. Шахсни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга сўнгги чора сифатида қарашдан иборат ёндашув шакллантирилди ҳамда жиноий жазолар тизимидан “қамоқ” жазоси чиқариб ташланиб, мажбурий жамоат ишлари тарзидаги янги жазо тури жорий этилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилиб, Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Судья ёрдамчиси лавозими таъсис этилди. Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмаслиги, жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланишнинг қатъиян тақиқланиши белгиланди.

Адвокатлар жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиши, бу далиллар тергов ва суд идоралари томонидан мажбурий текширилиши ва баҳоланиши шартлиги белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланиши лозимлигига эътибор қаратилди. Судлар томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш бекор қилинди.

2018-2019 йилларда Судьялар Олий мактаби, Бош прокуратура Академияси, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилди. Судьялик лавозимига тайинланаётган номзод бўйича туман ва шаҳар жамоатчилиги фикрини ўрганиш тартиби жорий қилинди.

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди. “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллари тўғрисидаги” Қонун қабул қилинди. Суд раислари халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиш тартиби, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, ишларни автоматик тақсимлаш, судларга электрон тарзда мурожаат қилиш, иш юритувни электрон ахборот тизимида юритиш жорий этилди. Судьялик лавозимига илк маротаба тавсия этиладиган номзодлар учун ёш 35 қилиб белгиланди. Судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналари Сенат томонидан тасдиқланди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим” деб таъкидлаб ўтди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор таклифларни илгари сурди.

Мухтасар қилиб айтганда, Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши мамлакатимизнинг ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида амалга ошираётган ишларга янгича мазмун олиб кирмоқда.

 

 Эргаш Қаршиев, Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси