ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ ЖАМОАТЧИЛИККА АХБОРОТ БЕРИШДИ
Жиззах вилоят телерадиокомпаниясида вилоят судлари раислари томонидан 2019 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва соҳа фаолияти бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди.
Анжуманда жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг раиси Э. Ходжақулов, Жиззах вилоят маъмурий судининг раиси А.Мамараҳимов, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг раиси А.Шукуров ҳамда Жиззах вилоят иқтисодий судининг раиси Д.Маҳаматовлар иштирок этиб, ўтган йилда судлар томонидан одил судловни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахслар, хорижий инвесторларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоялаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан ахборот беришди.
Матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг раиси Эркин Ходжақуловнинг маълумот беришича, вилоятдаги жиноят судлари томонидан жами 1601 нафар шахсга нисбатан 1215 та жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан 557 таси ёки 45,8 фоиз ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган. Ўтган йил давомида вилоят судининг барча инстанцияларида 28 нафар шахс оқланган. 485 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловлар суд мажлисида ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли айблов ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган. 113 нафар шахс суд залидан озод қилинган. 1282 нафар маҳкум муддатидан илгари жазодан озод қилинган. 513 нафар маҳкумга нисбатан оғирроқ жазо енгилроғи билан алмаштирилган, 190 нафар шахсга нисбатан жамоат ташкилотлари, яъни маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуровнинг таъкидлашича, фуқаролик судлари томонидан 6647 та фуқаролик ишлари кўриб якунланган. Тамомланган ишларнинг 2542 таси ёки 38,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган.
6647 та фуқаролик ишларининг 5867 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. 344 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилиб, 436 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 133 та хусусий ажрим чиқарилган.
Маъмурий судларнинг иш юритувига 2019 йилда жами 24 минг 556 шахсга нисбатан 21 минг 164 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи босқичда кўриш учун келиб тушган, - дейди Жиззах вилояти маъмурий суди раиси Асқар Мамараҳимов, - Кўриб тамомланган ишлардан 12 минг 82 та иш бўйича 13 минг 610 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Жарима жазосининг 6,4 млрд сўми ёки 53,1 фоизи ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий тўланган. 331 та тақдимнома киритилган. Шундан 16 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий чора қўлланилган. 159 та хусусий ажрим чиқарилиб, 8 та мансабдор шахс интизомий жазога тортилган.
Анжуманда иқтисодий судлар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Жиззах вилоят иқтисодий судининг раиси Дониёрхўжа Маҳаматов ахбороти тингланди.
Таъкидландики, ўтган йилда жами 16 минг 384 та иқтисодий ишлар кўрилиб, даъвогарлар фойдасига 761,7 млрд сўм ундирилган, шу жумладан, 2112 низоли ишда 53,6 млрд сўмлик неустойка (пеня ва жарима) ундириш ҳақидаги даъволар юзасидан 2,3 млрд сўм неустойка ундириш белгиланиб, қолган 51,2 млрд сўмлик неустойкалар тадбиркорларнинг иқтисодий имкониятлари, уларнинг кейинги фаолиятида банкротлик ҳолатига тушиб қолмаслигининг олдини олиш мақсадида ундириш рад қилинган.
Ишларни сайёр судларда кўрилишга алоҳида аҳамият қаратилган. Низоли ишларнинг 11 минг 502 таси ёки 70,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Матбуот анжуманида суд раислари оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Жиззах вилоят судлари