МАҲАЛЛАДА САЙЁР СУД

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг судьяси Ж.Сирожев раислигида Юнусобод тумани “Акбаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Сайёр суд мажлисида даъвогар Юнусобод туман ҳокимлиги жавобгар М.Салимовга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни аввалги ҳолатига келтириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан қўзғатилган фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.

Суд мажлисида “Акбаробод” МФЙ раиси, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси инспектори, маҳалланинг фаол фуқаролари ва туман ички ишлар профилактика инспектори иштирок этишди.

Тадбирда судья Ж.Сирожев кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар қонун ҳужжатларига зид эканлиги, кўп қавватли уйларда қурилиш ишларини амалга оширишда албатта, тегишли ташкилотларнинг рухсати олиниши лозимлиги тушунтирилди.

Келгусида бундай ўзбошимча қурилмаларнинг олдини олиш мақсадида туман мутасаддилари билан биргаликда жойларда тегишли тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Фуқаролик ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туманлараро суди