October 29, 2019

ЁШЛАР ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ

 Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг жорий йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган тарғибот режасига кўра, Нурота туманида жойлашган умумтаълим мактабларида “Ёшлар – жиноятчиликка қарши” мавзусида тарғибот ишлари ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирларни ўтказишда асосий мақсад – ёшларни қонунга ҳурмат руҳда тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишларини олдини олиш ва жиноятга жазо муқаррар эканлигини чуқур ҳис этишларида кўмаклашишдан иборат.

Ана шундай тадбирлардан бири Нурота туманида жойлашган
57-умумтаълим ўрта мактабида ташкил этилиб, унда жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди девонхона мудири Х.Асомов иштирок этиб, мактаб ўқувчиси З.Қодиров (исм-шариф ўзгартирилган) томонидан содир этилган жиноят сабаблари муҳокама қилинди.

З.Қодиров қўшнисининг яшаш хонадонига ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, эшик қулфини бузиш йўли орқали ғайриқонуний равишда кириб, хонадонда бўлган шкаф ичидаги қора рангли портфел ичидан 490.000 сўм миқдоридаги нақд пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Ушбу жиноятни З.Қодиров осон йўл билан амалга оширмоқчи бўлиб содир этганлиги маълум бўлган. Бироқ, З.Қодировнинг жиноят содир этишга қасд қилишидан, на онаси, на маҳалла-кўй, на қўни-қўшнилар бехабар бўлганлиги жиноятни содир бўлишига шароит яратганлиги ачинарли ҳолат сифатида баҳоланди.

Девонхона мудири Х.Асомов дарс давомида ёшларни З.Қодиров каби жиноят содир этмасликка, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, устоз ва ота-оналар берган ўгитларга оғишмай амал қилиш - келажакда яхши касб эгаси бўлишда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида гапириб ўтди.

 

М.Эгамов,

Жиноят ишлари бўйича Нурота тумани суди архив мудири