МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ШАРТЛИ ОЗОД ЭТИЛДИ
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Республика эндокринология илмий-амалий марказида турли жиноятлари учун жазога ҳукм қилинган маҳкумлар иштирокида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Бунда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ пробация гуруҳлари ҳисобида туриб, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган 9 нафар шахслар инсонпарварлик ва одиллик принципларига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, илгари Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб, бугунги кунда туман ИИО ФМБ пробация гуруҳида ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган шахс сифатида жазо ўтаётган маҳкум суд томонидан белгилаб берилган тартиб-қоидаларга, ўрнатилган тақиқ ва чекловларга риоя қилмаганлиги учун унинг жазо тури Жиноят кодекснинг
46-моддасига асосан, озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
Ушбу турдаги сайёр суд мажлисларини маҳкумлар иштирокида кўриб чиқишдан кўзланган асосий мақсад – бошқа маҳкумлар ҳам қайта жиноят содир этмасдан, қатъий тузалиш йўлига ўтиб, жазони ўташ учун ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя этиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлса, уларни ҳам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қонун билан кафолатланишини тушунтиришдан иборат бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди