ЎҚИШГА КИРИТАМАН ДЕБ...
Жиноят ишлари буйича Навоий шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлисида судланувчи Зафар Алимовга (исм-шарифлар ўзгартирилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Иш ҳолатларига кўра, судланувчи З. Алимов, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан эгаллаш мақсадида О.Салимованинг таниши Ш.Омоновни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ниятида юрганидан фойдаланиб, Ш.Омоновни 5.000 АҚШ доллари эвазига Тошкент Техника университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади.
2019 йил 18 июль куни соат 11:00 ларда таниши О.Салимованинг яшаш уйида Ш.Омоновдан 3.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.
Судланувчи З.Алимов суд мажлисида, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаб, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, оилавий шароити оғир бўлгани сабабли жиноят содир қилганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ҳақида кўрсатув бериб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгил жазо тайинлашликни сўраган.
Суд, амалдаги қонун ва Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, судланувчига жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ёшини ва шахсини, оилавий шароитини, отаси вафот этиб, оилада онаси билан ўзи боқувчи эканлигини, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини, муқаддам судланмаганлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, у айбланаётган моддалар санкциясида назарда тутилган жарима жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроғини тайинлашни лозим топди.
Суд З.Алимовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси
168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Адиз Авезов, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси