ОЛИЙ СУД РАИСИ ЎРИНБОСАРИ АНДИЖОНДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари ва Олий суд судьялари томонидан 2020 йил 16 январь куни Андижон шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда жами бўлиб 100 нафар фуқаро қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 35 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 60 мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди. Маъмурий ва фуқаролиқ ишлари юзасидан 5 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг 4 таси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
Шу куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят туман (шаҳар) судлари томонидан 23 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди, 1 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. 1 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 71-моддасига асосан жазодан озод қилинди, 4 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661-моддасига асосан иш юритувдан тугатилди.
Шунингдек, 31 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилиб, уларнинг аризаси қаноатлантирилган ҳолда маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.
Жиноят ишлари бўйича кўрилган ишлар юзасидан
13 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирди.
Бундан ташқари Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров Андижон Давлат университетида ёшлар билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 27 декабрь кунги ёшлар билан учрашувда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ёшларга уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини оширишлари бўйича тушунтиришлар берилди. Тадбирда талабаларга фойдаланиши учун ҳуқуқий адабиётлар тарқатилди.
Сайёр қабул доирасида Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси, дин ишлари бўйича ҳудудий бўлими, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, яраштириш комиссияси мутахассислари иштирокида ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларга “Фарзанд омонат”, “Ота” номли қисқа метражли бадиий фильмлар намойиш этилди. Бунинг натижасида 22 та оила яраштирилди, қувонарли томони 32 нафар фарзанд ота-она бағрида вояга етадиган бўлди.
Тадбирда иштирокчиларга “Никоҳ ва оила - Конституция ва қонунларимиз ҳимоясида” номли буклет ҳамда “Оила муқаддас даргоҳ” номли брошюралар тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати