December 6, 2019

ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАР КУНИ

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Адлия бўлими ҳамда Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди ҳамкорликда Олмалиқ шаҳар кончилик касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги ҳамда сайлов қонунчилигига бағишланган “Ҳуқуқий билимлар куни” тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Олмалиқ шаҳар Адлия бўлими, Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди ходимлари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Учрашувда Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг раиси вазифасини бажарувчи И.Юсупов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилиши тарихи ва ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида маълумот берди. Шунингдек, жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда биринчи маротаба иштирок этаётган ёшларга сайлов қонунчилиги, сайловга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига оид фикрлари билан ўртоқлашди.

Тадбир давомида “Ёш ҳуқуқшунос” танлови ҳам ўтказилди.

Ғолиб ўқувчиларга Олмалиқ шаҳар Адлия бўлими ҳамда Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди томонидан келтирилган ҳуқуқий адабиётлар совға қилинди.

 

Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди