ДУНЁГА КЕЛТИРИБ ДУНЁ ТОПМОҚЧИ БЎЛГАНЛАР...
Жиноят ҳуқуқида айрим қилмишлар мавжудки, бундай тоифадаги жиноий қилмишлар, нафақат жамиятнинг криминоген вазиятига балки маънавий ва маданий муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шубҳасиз “Одам савдоси” билан боғлиқ жиноий қилмишлар ҳам шундай тоифадаги жиноий қилмишлар тоифасига киради. Чунки, одам савдоси билан боғлиқ қилмишлар охир-оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиб, миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.
Жиноят ишларини таҳлил қилиш давомида аниқланишича, судлар томонидан мазмунан кўриб чиқилган жиноят ишларидан “Одам савдоси”нинг қуйидаги шакллари кузатилган:
1) Жинсий эксплутация объекти сифатида аёллар савдоси;
2) Мажбурий меҳнатнинг объекти сифатида одам савдоси;
3) Болалар савдоси.
Мисол учун, жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг 2019 йил 23 августдаги ҳукмига кўра, Г. ва Ш.лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига шу модда билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, 2019 йил 12 июль куни Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи номига “Н” исмли шахс ариза билан мурожаат қилиб, Янгиер шаҳрида яшовчи Ш. ва Г., биргаликда Г.нинг туғилажак фарзандини маълум бир миқдордаги пул эвазига сотмоқчи бўлаётганлиги, шу сабабли Г. ва унинг туғилажак фарзандини сотишга ёрдам бермоқчи бўлаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган
Мазкур аризага асосан, 2019 йил 18 июль куни соат 10:00ларда Сирдарё вилояти ИИБ ТЭҚКБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани “Юлдуз маҳалласи”да жойлашган “Дельфин” номли кафенинг рўпарасида судланувчилар Г. ва Ш.лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахс бўлиб, судланувчи Г.нинг 2019 йил 16 июль куни туғилган ўзига қарам бўлган вояга етмаган қизи М.ни ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини била туриб, тадбирга жалб қилинган А.га 3.000.000 сўм пул эвазига сотишаётган вақтда далилий ашё билан ушланган.
Бундай тоифадаги жиноий қилмишлар, биз судларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда мазкур тоифадаги ижтимоий хавфли қилмишларнинг содир этилишини олдини олиш ва фуқароларда ижобий-ижтимоий дунёқарашни шакллантириш борасида тарғибот ишларини кучайтиришни тақозо этади.
А.Кураматов,
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси