September 30, 2019

ЕР ДАЪВОСИ РАД ЭТИЛДИ

 

Ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. 

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 16-модда;

 Таъкидлаш жоизки, табиий ресурсларга оид муносабатлар конституциявий асосга эга бўлиб, амалдаги қонунчилигимизда табиий ресурслардан бири ҳисобланган ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг ўзига хос хусусиятлари белгиланган.

Ер муносабатлари соҳасида ер участкаларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳамда мулк сифатида реализация қилишнинг шакл ва усуллари, тартиби такомиллашиб бораётган бир даврда, фуқароларимизнинг ерга оид мурожаатлари республикамиз фуқаролик судлари томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ мазмунан кўрилиб, ҳал этилмоқда.

Жумладан, фуқаро Р.Амонов ер майдони олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди томонидан мазмунан кўрилиб, 2019 йил 17 июндаги ҳал қилув қарори билан рад этилди.

Фуқаро Р.Амонов судга берган даъво аризасида Ҳамид Олимжон номли ширкат хўжалиги вакиллари йиғилишининг 2003 йил 25 мартдаги қарори билан унга бош режа асосида 0,06 га ер майдони берилганлигини, ушбу ер майдонидан экин экиб фойдаланиб келганлигини, ушбу қарор асосида ажратилган ер майдони қишлоқнинг чеккасида жойлашганлигини, жавобгарларга ажратилган томорқа ерлари ва марҳум отаси Б.Амоновга тегишли бўлган қўшимча томорқа ерлари бир жойда жойлашганлиги сабабли жавобгар Ф.Мамуровнинг таклифи ҳамда марҳум отасининг гапи билан ер майдонларини вақтинчалик алмаштирганлиги тўғрисида “тилхат” ёзиб берганлигини, ушбу масалада судга мурожаат қилишни лозим топганлигини маълум қилиб, ширкат хўжалигининг 2003 йил 25 мартдаги 1-сонли қарори билан уй-жой қуриш учун ажратилган 0,06 га ер майдонини ўзининг тасарруфига олиб беришни сўраган.

Аниқланишича, собиқ Ҳамид Олимжон номли ширкат хўжалиги аъзоларининг 2003 йил 25 мартдаги 1-сонли қарорида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳолини уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги фармонига асосан ширкат хўжалигида яшовчи, яшаш шароити оғир бўлган фуқароларга уй-жойларни текшириш комиссияси хулосаларига асосан 0,06 гадан бош режа асосида уй-жой қуриш учун ер майдони рўйхат асосида ажратилиши ҳамда рўйхатда “Бр № 14 Амонов Ражаб”, деб кўрсатилган ҳамда ушбу қарорнинг тасдиғи Буктарой ҚФЙ ва Ғиждувон туман ҳокимлигидан сўралиши белгиланган.

2006 йил 24 апрелда Р.Амонов ўзига юқоридаги қарорга асосан тегишли 0,06 сотих ерни қўшниси Ф.Мамуров ўзаро келишган ҳолда фойдаланишига берганлиги бўйича “Вазиршоҳ” қишлоғи вакили К.Мамуров, посбони К.Бобоев, ер эгаси Р.Амонов, гувоҳлар А.Орипов, А.Аҳмедов ер олувчи Ф.Мамуров ҳамда гувоҳ У.Аҳмедов иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Шунингдек, 2016 йилда ёзилган тилхатда “Ушбу тилхатни ёзиб маълум қиламанки, “мен Амонов Ражаб 2006 йил Маъмуров Фатуллодан 6 сўтиқ ерга 6 сўтиқ ерни ўзаро келишган ҳолда алмаштирдим. Мен розиман, чунки ўз ихтиёрим билан алмаштирдим. Тилхат ёзувчи Амонов Ражаб /имзо/. Имзо чекувчилар Маъмуров Фатулло /имзо/. Қишлоқ вакили Маъмуров Комил /имзо/. Қўшниси Ахмедов Амрило / имзо/ Орипов Ахтам /имзо/” деб кўрсатилган. Бундан ташқари, 2006 йил 24 июнда Амонов Ражаб томонидан ушбу мазмундаги бошқа тилхат ёзилган.

Ғиждувон туман ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги 3065-сонли қарори билан, жавобгар И.Мамуров томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ва ҳозирда фойдаланаётган “Вазиршоҳ” МФЙ “Вазиршоҳ” аҳоли пунктида жойлашган уй-жойнинг жами 482,0 кв.метр ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.

2019 йил 2 майда “Ер участкаси чегарасини келиши ва белгилаш” ҳақидаги далолатнома расмийлаштирилган.

Ер участкасига ҳамда бино-иншоотга бўлган И.Мамуровнинг ҳуқуқлари 2019 йил 2 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, Ғиждувон туман ҳокимининг 2019 йил 22 апрелдаги 3602-сонли қарори билан жавобгар У.Мамуров томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ва ҳозирда фойдаланаётган “Вазиршоҳ” МФЙ “Вазиршоҳ” аҳоли пунктида жойлашган уй-жойнинг жами 567,0 кв.метр ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.

2019 йил 2 майда “Ер участкаси чегарасини келишиш ва белгилаш” ҳақидаги далолатнома расмийлаштирилган

Ер участкасига ҳамда бино-иншоотга бўлган У.Мамуровнинг ҳуқуқлари 2019 йил 2 майда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 72-моддасининг биринчи қисмига асосан, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Ушбу кодекси 74-моддасига асосан, қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шарт бўлган ишнинг ҳолатлари бошқа ҳеч қандай исботлаш воситалари билан тасдиқланиши мумкин эмас.

Ишга мутахассислар сифатида жалб қилинган Бухоро вилоят “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” ДК Ғиждувон филиали ҳамда Ғиждувон туман қурилиш бўлими томонидан 2019 йил 14 июнда берилган ёзма тушунтириш (хулоса)да, Ғиждувон туман “Вазиршоҳ” МФЙ ҳудудининг бош режаси мавжуд эмаслиги, ўрганиш жараёнида фуқаролар У.Мамуров ҳамда И.Мамуровга низога сабаб бўлган ер майдонига 2014 йилда солиқ тўловлари учун хатлов ҳужжатлари тайёрлаб берилганлиги, ушбу уй-жойларга 2019 йил 4 март куни Ғиждувон давлат хизматлари маркази орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарорига асосан ҳужжатлар расмийлаштириб мулк ҳуқуқлари берилганлиги, собиқ “Ҳ.Олимжон” ширкат хўжалиги вакиллари йиғилишининг 2003 йил 25 мартдаги даъвогар Р.Амоновга ажратилиши кўрсатилган 0,06 га ер участкаси натурада ажратиб берилмаганлиги ва бу билан боғлиқ ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ушбу қарор “Буктарой” ҚФЙ ва туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланмаганлиги, ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги маълум қилинган.

Ушбу ҳолат сайёр суд жараёнида низоли ҳудудни кўздан кечириш вақтида ҳам аниқланди.

Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд 2019 йил 17 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Р.Амоновнинг жавобгарлар К.Мамуров, У.Мамуров, Ф.Мамуров ва И.Мамуровга нисбатан ер майдонини олиб бериш ҳақидаги даъвосининг рад қилиниши қонунийлик ва адолат тамойилларига тўла мос келади деб ҳисоблайди.

Чунки, даъво аризага асос сифатида кўрсатилган Ҳамид Олимжон номли ширкат хўжалиги умумий йиғилиш қарорини суд мақбул далил эмас, деб ҳисоблайди. Яъни, 1998 йил 1 июлда амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддаси 2-қисми талабига кўра, Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Бундан ширкат хўжалиги томонидан ваколатига кирмаган масала юзасидан қарор ч��қарганлигини, шунингдек ушбу қарорни туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланмаганлигини кўриш мумкин.

Демак, суд даъвогар томонидан даъво талабига асос сифатида келтирилган важларни муҳокама қилиб, ушбу важлар билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди. Яъни, низога сабаб бўлган ер майдони бўйича даъвогар ўз ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қила олмаганлигини инобатга олади.

Ваҳоланг-ки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида” 2006 йил 3 февралдаги 3-сонли Қарорининг 9-бандида келтирилишича, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича тарафлар низоли ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилишлари шарт.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 27 майда рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 1-иловасида кўрсатилган ҳужжатлар киради.

Ушбу хулосага келишда суд, даъвогарнинг ўз важларини тасдиқловчи далилларни, жумладан ер участкасининг чегаралари белгиланганлиги, ер участкасининг планлари (чизмалари) ва тавсифи тузилиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатига олинганлигини тасдиқловчи мақбул далилларни судга тақдим қилмаганлигини қонун талабига кўра ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шартлигини ҳамда қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шарт бўлган ишнинг ҳолатлари бошқа ҳеч қандай исботлаш воситалари билан тасдиқланиши мумкин эмаслигини инобатга олган.

 

Фирузжон Ёдгоров,

Фуқаролик ишлари бўйича

Ғиждувон туманлараро судининг раиси