November 22, 2019

АЖРАЛИШНИНГ ЭНГ ОҒИР ЗАРБАСИ ВОЯГА ЕТМАГАН ФАРЗАНДЛАРГА ТЕГАДИ

Оила – табиат дурдонаси, ҳар қандай жамият ва маънавиятнинг бошланғич нуқтаси бўлиб, оилавий қадриятларни авайлаб асраш келажак авлодлар олдидаги барчага тегишли бурчдир.

Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Зеро оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари – фарзандлар камолга етади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Хотин–қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Жиззах шаҳар ҳокимлигида хотин-қизлар ва вояга етмаган фарзандлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажрашишларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан суҳбат, уларнинг муаммоларини ўрганиш, яраштириш чораларини кўришга қаратилган аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суд судьяси Д.Бобоноров, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раиси А.Шукуров, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Мухторова, вилоят имом хатиби, ФҲДЁ мудиралари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, отинойилар, маҳалла фаоллари шунингдек вилоятдаги оилавий муаммоси мавжуд фуқаролар иштирок этиб, сўзга чиққанлар бугунги кунда долзарб масалалардан бири–оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашишлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш масаласига асосий эътибор қаратишди.

Шуниндек, учрашувда айни пайтда жамиятимизда инсон ҳуқуқларини сўзсиз ҳимоя қилинишини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларни самарали ҳимоялаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмум-моҳияти тушунтирилди.

Мазкур Фармонда оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги камчиликлар қайд этилганлиги ва уни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар белгиланганлигини, бу борада хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва суд зиммасидаги вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги қайд этилди.

-Бизнинг мақсадимиз нафақат оилалар ажралишини олдини олиш, балки келажак авлоднинг ҳам тақдирини ўйлашдир. Бинобарин, ажралишнинг энг салбий оқибати – бу вояга етмаган фарзандларнинг тирик етим бўлишидир, - дейди Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Негматова.

Тадбир жараёнида иштирокчиларга тақдим этилган оилавий низоларни ва никоҳдан ажрашишларнинг олдини олишга қаратилган жами 60 та “Оила ва никоҳ-Конституция ва қонунларимиз ҳимоясида” мавзусида буклет ва флаерлар, вояга етмаганлар ва аёллар жазони ўташ муассасаларидан олинган видео лавҳалар, шунингдек “Фарзанд–омонат” ва “Ота” видеофильмлар намойиш этилгани иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди ва эр-хотинларни яраштиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

Тадбир сўнгида жами 61 та оилалар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди ва натижада 22 та оилани яраштиришга эришилиб, 38 нафар вояга етмаган фарзандларнинг тирик етим бўлишининг олди олинди.

Шунингдек, тадбир давомида муаммоли 10 та оила қабул қилиниб, уларга алимент, уй-жой, эр-хотиннинг биргаликдаги мол-мулки ва бошқа оилавий низолар бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Ота-она фарзандли бўлган кунидан бошлаб унинг елкасига шу фарзанд тарбияси бўйича жавобгарлик юкланади.

Имом Ғаззолийнинг "Иҳёу улумуд-дин" китобида бундай дейилади: "Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш расмлардан пок, нимага нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади".

Демак, фарзандлар улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар бир инсон оилада дунёга келади ва оилада бахту камолга эришади.

 

А.Шукуров, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раиси