September 27, 2019

ҚАРИГАНДА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Ёз ойлари эди. Ўша куни вақт хуфтондан ошганди.

Ўн ёшлардаги Саида (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) бувиси Холниса аяга қўнғироқ қилиб, отаси маст ҳолатда онасини ураётганлигини айтди. Онада, қизига жони ачиди. Турмуш ўртоғи Баҳром ака ҳам уйда эди. Тезда кийинишиб, қудаси уйи томон шошилишди.

Бориб қудаси Эркин акани чақирди. Хайрият қудаси уйда экан:

Ўғлингизга қарасангиз бўлмайдими, - дейишди.

Қуда ҳам ёниб турган экан, оғзига келган сўзлар билан эркак қудани ҳақоратлади. Унга маст куёви Шарофжон ва синглиси Моҳинисо ҳам қўшилди. Биргалашиб, арз-вой қилиб келган қудани дўппослай кетишди.

Қайнона Холниса ая “эй, қўйинглар” дея уларни ажратишга тушди. Оқибатда эркак қудадан калтак еди, қудаси Эркин ака Холниса аянинг қорнига тепди.

Холниса ая орқаси билан бетон устига йиқилди. Ўрнидан туролмай қолди.

Ўртага қизи Замира чиқиб, отасини ажратмоқчи бўлганида уни ҳам қудалар сочидан ушлаб тортди. Хуллас, куёв ва қизини тартибга чақиришга келган қудалар ҳеч нарсадан ҳеч нарса калтак еб, тан жароҳати олишди...

Бу воқеа дарров қишлоққа ёйилди. Иш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қулоғига етиб борди. Сур-сур, тергов бошланди. Иш судга оширилди.

Судда ҳаммаси ойдинлашди. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Холниса Тоҳирова танасида, ўнг билак соҳасида шилинма, бел соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, биринчи бел умуртқаси 1-даражали қисилиб синиши каби тан жароҳатлари мавжуд бўлиб, “ўртача оғирликдаги шикаст” гуруҳига мансуб тан жароҳатлар олганлиги аниқланди.

Эркин Ботиров 67 ёшга етганида жиноят содир қилди. Маҳаллада бўлиб ўтган очиқ судда айбига иқрор бўлди. Кечиришларини сўради.

Суд Э.Ботировга Жиноят кодексида белгиланган модда билан айбдор деб топиб, 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

 

Марат Эргашев, жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг раиси