ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҲАМ ХАЛҚ МУЛКИ
Мажбурий ижро бюросининг Шўрчи тумани бўлими томонидан туманда электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ундирилиши юзасидан турар ва нотурар жойларни инвентаризациядан ўтказиш давомида, Шўрчи тумани “Жарқишлоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Н. “Электр энергиясидан фойдаланиш” қоидаларга зид равишда умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, уч ой давомида 594.000 сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Ушбу иш Шўрчи туман маъмурий судида (9 июль куни) кўриб чиқилди. Судда Қ.Н. айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, ҳозирги кунда етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароити оғирлиги, қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд, ҳуқуқбузар Қ.Н.га нисбатан жазо тайинлашда барча ҳолатларни мукаммал ўрганиб, келтирилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Ҳуқуқбузарга бундан 3-4 йил муқаддам электр таъминотидаги чекловлар туфайли нафақат қишлоқлар, ҳаттоки, туманлар марказларида ҳам кунига бир неча соат электр энергияси ўчиши, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимиздаги марказдан узоқда бўлган аҳоли пунктлари ҳам узлуксиз электр таъминоти билан таъминланиши учун катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганлиги, ишлатилган энергия учун тўловни ўз вақтида тўлаб бориш лозимлиги тушунтирилди.
Ҳуқуқбузар Қ.Н. бундан буён бу каби ҳуқуқбузарликни қилмасликка ваъда берди.
Электр энергияси ҳам халқ мулки, халқ мулкини талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Ш.Юлдашев Шўрчи туман маъмурий суди раиси