December 11, 2019

ПОРА БЕРГАНИ УЧУН ЖАЗОСИНИ ОЛДИ

 Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат коррупциядир. Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини­ олиш билан боғлиқ  ҳуқу­қий механизмларни такомиллаштиришга қаратил­ган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши билан бир қаторда, мазкур чора-тадбирларнинг янги ва янада самара­ли тизимини яратиш, коррупцияга қар­ши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республи­каси Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг ташаббуси билан 2016 йил 14 октябр­да Олий Мажлис Қонунчилик­ пала­тасига киритилган ва 24 ноябрда қуйи палата томо­нидан қабул қилинган ҳамда Олий Мажлис Сена­тининг 8-сессиясида маъ­қулланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Судлар томонидан ҳам ўз навбатида коррупцияга қар­ши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муроса­сиз муносабатни шакл­лан­тириш, жамиятда коррупцияга чек қў­йиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берув­чи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳу­қуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик­нинг муқаррарлиги принципини таъминлаш юзасидан қатор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Афсуски, шунча саъй-ҳаракатларга қарамасдан айрим фуқаролар жамиятда рўй бераётган ўзгаришларга бефарқлиги, ҳар бир муаммони пул орқали ҳал қилиш мумкин, деган чиркин фикрдан қутилиша олмаётганлиги, қонуннинг ҳамма нарсадан устунлигини ҳанузгача тушуниб етмаслиги оқибатида коррупция ҳолатлари ҳали ҳамон учраб турибди.

2019 йил октябрь ойида жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида фуқаро Рустам Тошқулов томонидан (исм-шарифлар ўзгартирилган) ИИБ терговчиси С.Бойматовнинг хизмат хонасида, унинг иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида, жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисмини ижобий томонга ҳал қилиб беришлик эвазига, терговчи С.Бойматовга 100 АҚШ долларини пора сифатида берган вақтида ушланганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчи Р.Тошқулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Фуқаро Р.Тошқуловнинг қонунларга эътиборсизлиги, бефарқлиги, ҳар бир ишни пул орқали ҳал қилиш мумкин, деган фикри унинг фарзандлари ва оиласи олдида, яшаб турган жойидаги ҳамқишлоқлари орасида юзини ерга қаратди.

Фазлиддин Пардаев, Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди раиси