December 17, 2019

ХАЛҚ НАЗАРИ ҚУДРАТЛИ ВА УНДА ИЗЗАТДА БЎЛИШ ЭНГ ОЛИЙ МАРТАБА - САОДАТДИР

 Ҳаммамизга маълумки, суд - жамият ҳаётида қонун устуворлигини, адолат барқарорлигини таъминлайдиган мустақил ҳокимият тармоғи ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, судьяларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб ҳисобланди.

Айни пайтда республикамиздаги барча судьялар мустақил суд ҳокимиятининг том маънодаги аъзоларидир, уларнинг юксак мақомига муносиб шароит ҳамда имкониятлар яратилди.

Судьялик лавозимгина эмас, у энг аввало, инсонийликдир. Судьянинг одоб-ахлоқи, хулқ-атвори этикаси устуворликларини қолипга солиб, қатъий кетма-кетликда ифодалаб бериб бўлмайди.

Судья қонунларни мукаммал билиши, муқаддас тутиши ва уларга доимо, ҳар бир ишда қатъий риоя этиши шарт. Судья ўзида чинакам ватанпарварлик туйғусини тарбиялаши, Ватанга ва халққа бўлган садоқатини ҳар бир ҳаракатида намоён қила билиши, фуқароларнинг давлат ва жамият олдидаги масъулиятини юрак-юракдан ҳис эта билиши, судьялик қасамёдига доимо содиқ қолиши, ўз мажбуриятини адолатли, тезкор, виждонан ва юқори профессионал даражада бажариши зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида, суд фаолиятнинг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур танқидий таҳлил қилиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, суд-прокурор ходимлари малакасини ошириш ва раҳбар кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини, одил судловга эришишнинг илғор механизмларини кенгроқ жорий этиш орқали одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилашни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиш вазифалари қўйилган эди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янадан такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида эса, одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш, Олий суд веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш, қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилишини суд амалиётида жорий этиш масалалари қўйилган эди.

Шу Фармонларда назарда тутилган вазифалардан келиб чиқиб, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди томонидан алоҳида Фармойишга асосан вилоят, туман ва шаҳар судлари судьяларининг ва суд ходимларининг ишларни самарали ташкил этиш, намунали фаолият юритаётган судьялар ва суд ходимларини аниқлаш ҳамда уларни муносиб рағбатлантириш, лавозимига илк марта тайинланган судьяларда ва суд соҳасига янги ишга қабул қилинган ходимларда одил судлов соҳасига оид кўникмаларни ҳосил қилиш, суд процессини ўтказиш тартибини мукаммал ўргатиш, уларнинг иш фаолиятларини намунали ташкил этишларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳорат мактаби “Мастер класс” машғулоти тадбирларини ўтказиш ташкил қилинди.

Яна бир алоҳида Фармойиш билан эса судьяларнинг ва суд ходимларининг назарий билимларини юксалтириш мақсадида “Суд билимдони” тадбири ўтказилди. Бу тадбир икки йўналишда: “Суд билимдони-судья” ва “Суд билимдони-суд ходими” кўринишда “0” дан “100” гача бўлган баҳолаш балл системасида судья ва суд ходимларининг нафақат Жиноят, Жиноят-процессуал қонунчиликдаги ёки Олий суд Пленуми қарорлари бўйича назарий билимларини синовдан ўтказишни, шунингдек, уларнинг ахборот ва компьютер технологияси, электрон ҳукумат соҳасидаги билимларини ҳамда Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалида тест топшириш орқали синовдан ўтказишни назарда тутди.

Асосий мақсад эса, судья ва суд ходимларининг ўз фаолиятларини амалга оширишда уларнинг соҳанинг етук мутахассислари бўлиб етишишлари учун кўмаклашиш орқали халқаро стандартларга мос равишда шакллантириб боришдан иборат қилиб белгиланди.

Биз “Мастер класс” тадбирларини ўтган йили ҳам ўтказган эдик. Лекин бу йил биз бу тадбирни ўтказишга мутлақо бошқача ёндошдик ва судья ҳамда суд ходимларининг назарий билимларини ҳам юксалтиришни мақсад қилиб қўйдик. Шу мақсадда бу тадбирларимизни ҳали май ойининг 13 санасидаги Фармойишимиз лойиҳасида аксини ифода этдик, 11 сентябрдаги Фармоийишимизда бу ўз тасдиғини топди.

Дастур ижросининг халқаро стандартларга мослигини ва жозибадорлигини таъминлаш мақсадида судьялар (аёллар ва эркаклар) “Мастер класс” машғулотларини судья либосида (мантьяда) ҳамда давлат айбловчиси тариқасида ишда иштирок этадиган прокурорлар ва ҳимоячилар ҳам халқаро нормаларга мос келадиган махсус либосда (кийимда) ўтказиш йўлга қўйилди.

Аёл ва эркак судьялар либосларининг (мантьянинг) ҳамда прокурор ва ҳимоячиларнинг халқаро нормаларга мос келадиган махсус либосларининг (кийимларининг) ўзимизнинг миллий қадриятларимизни сақлаб қолган ҳолда халқаро стандартларга мослигини таъминлаш мақсадида дизайнер-модельерларни жалб қилган ҳолда судьялар либоси (мантья) ҳамда прокурор ва ҳимоячиларнинг махсус либоси (кийими) намуналари ишлаб чиқилди ва ҳар бир судьянинг ўзининг розилиги билан ўзининг ҳисобидан либосларни тиктириш йўлга қўйилди.

Тадбир якунлари бўйича биринчи, апелляция, кассация инстанцияларида суд процессини энг намунали ўтказган судьялар, энг намунали давлат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчининг қонуний вакили, жабрланувчининг вакили, шунингдек, энг намунали суд раиси, девонхона мудири, архив мудири, суд мажлиси котиблари, ҳамда суд билимдонлари каби 40та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Бизга маълумки, суд жараёнининг маданияти, унинг тарбиявий вазифаси алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, суд жараёни шахснинг ахлоқий тарбияси қайта шаклланишини таъминлашга қаратилган одил судловнинг самарали ҳуқуқий шаклларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, суд мажлисида судья процессуал қонун билан берилган ваколатидан жуда устамонлик билан фойдаланиши лозим бўлади. Судья ўз муносабати билан бирон-бир кишини ранжитиб қўйиши, уларнинг шахсига ёки нафсониятига тегиши, судьянинг ҳаракатлари суд жараёнининг у ёки бу иштирокчисига қараб ижобий ёхуд салбий кўринишда бўлиши мумкин эмас.

Ҳақли савол туғилади, нима учун “Мастер класс” тадбирлари давомида намунали давлат айбловчиси, ҳимоячи ҳамда жабрланувчининг қонуний вакили, жабрланувчининг вакили каби номинациялар ҳам киритилди ва бу вазифалар нима учун айнан судьялар томонидан бажарилди?

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 25-моддаси “Судда ишларни юритишда тортишув”-деб номланади.

Бу моддада, иш судда кўрилаётганда айблаш, ҳимоя қилиш ва ишни ҳал қилиш вазифалари бир-биридан алоҳида бажарилади ва айнан бир орган зиммасига юклатилиши мумкин эмас, дейилган. Бу дегани, бир орган ўзининг ваколатини иккинчи бир органга юклаб қўйиши мумкин эмас, дегани бўлади. Судда тарафлар ўзаро тортишиши керак, тарафларнинг ҳар бири ўзининг позициясини исботлаб бериши керак, суд эса судда аниқланган ва тўпланган далилларга асосан ҳеч бир тарафга ён босмаган ҳолда иш юзасидан тўпланган далилларга холисона баҳо бериши керак.

Маълумки, судья суд жараёнида давлат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчининг қонуний вакили, жабрланувчининг вакили билан бевосита мулоқотда бўлади. Тарафларнинг илтимосномаларини ҳал қилади, баъзан суд жаранаёнида иш юзасидан ҳар хил тортишувлар ва келишмовчилик ҳолатлари учраб туради. Бундай вазиятларни бартараф этиш судьянинг салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Айнан шу жараёнда, судья ўзини йўқотмаслиги, хотиржам, қонун моҳиятига мос равишда тутиши, ҳеч қандай ҳиссиётларга берилмаслиги, судьялик маданиятини юқори даражасини намоён эта билиши лозим бўлади.

Маҳорат мактаби “Мастер класс” тадбирлари давомида айнан ушбу вазифаларни бевосита фаолият олиб бораётган судьялар томонидан бажарилиши, судьяда давлат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчининг қонуний вакили ва суд жараёнининг бошқа иштирокчиларининг фикрини эътиборсиз қолдириш мумкин эмаслигини, бу тарзда иш тутиш қонунга риоя қилмаслик эканлигини англаб етишлари зарурлигига хизмат қилади.

Дастурни холисона, адолатли, беғараз ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш мақсадида алоҳида режа асосида вилоятдаги Олий ўқув юртлари ва Юридик коллеж профессор ўқитувчилари, Суд фахрийлари, Прокуратура, Ички ишлар органи, Адвокатлар палатаси, Халқ депутатлари кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан иборат бўлган ҳайъат аъзолари ташкил этилди, уларнинг ичидан раис сайлаб олинди.

Шунингдек, алоҳида ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, бевосита жойларга чиқилган ҳолда ҳамда аноним сўровномаларга асосан намунали суд раиси, девонхона мудири, архив мудири ва суд мажлиси котиблари номинацияси бўйича ғолиблар аниқланди.

Намунали суд мажлиси котибларини аниқлашда, биринчи, апелляция, кассация инстанцияларида суд мажлиси баённомасини юритиш, жиноят ишини расмийлаштириш, апелляция ва кассация шикояти(протести)ни расмийлаштириш ва суд қарорларини ўз вақтида ва сифатли ижрога қаратиш каби меъзонлар ҳам инобатга олинди.

Ғолибларни тақдирлаш маросими Қашқадарё вилоят Маданият марказининг шинам ва кўркам биносида судьялар ва суд ходимлари, вилоят фаоллари, олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари профессор ўқитувчилари ва ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тантанали равишда бўлиб ўтди ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Ғолибларни тақдирлашда, биз дипломдан ташқари ҳар бир ғолиб бўлган судья ва суд ходимига китоб ҳам совға қилдик, зеро бизнинг яна бир мақсадимиз, Президентимизнинг 3 апрелдаги Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини ҳам амалга оширишга қаратилди.

Маҳорат мактаби “Мастер класс” тадбирини ўтказишда, Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилмаган бўлса-да, суд процесси ўтказишнинг халқаро стандартларга мослигига кўникмани ҳосил қилиб бориш мақсадида судьяларнинг суд процесси фаолиятини амалга ошириш жараёнида суд биносида судьяларнинг, халқ маслаҳатчиларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини ҳамда суд биносида жамоат тартибини сақлашни амалга ошириш учун суд процессини Суд приставлари иштирокида ўтказишни йўлга қўйдик.

Суд пристави барча ривожланган давлатларда фаолият юритади. Бизнинг қонунчилигимизда бу тизим ҳали назарда тутилмаган.

Суд биносида, суд ҳовлисида ва суд процесси давомида жамоат тартибини бузган шахслар ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш, уларга чора кўриш тартиби ва механизми мавжуд эмас.

Россия Федерациясининг 2019 йил 1 майдаги ўзгаришлар билан қабул қилинган 1997 йил 21 июлдаги Федерал қонунига асосан Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Россия Федерациясининг Бош суд пристави ва унинг жойлардаги субъектлари фаолият олиб боради. Унинг асосий вазифалари қилиб, Конституциявий суднинг, Олий суднинг ва умумий юрисдикция судларининг ўрнатилган тартибдаги фаолиятини амалга оширишни таъминлаб беришдан иборат қилиб белгиланган.

Суд пристави асосан икки йўналишда фаолияти юритади.

Биринчиси, суд биносида, суд ҳовлисида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ишларини ва ашёвий далилларни иш кўрилаётган жойга хавфсиз етказилишини ва қайтарилишини таъминлаш, суд мажлисида судьяларнинг, халқ маслаҳатчиларининг, жабрланувчининг ва бошқа процесс иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, судга келишдан бўйин товлаган шахсларни мажбурий келтириш, судга ҳурматсизлик қилган, суд тартибини ёки жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан суриштирув ишларини амалга ошириш, суддан яширинган шахсларнинг қидирувининг амалга оширилишида Ички ишлар органи билан ҳамкорлик қилиш ва уларга ёрдам кўрсатишдан иборат.

Иккинчиси, суд қарорлари ва бошқа ташкилот ҳамда мансабдор шахс қарорларининг ижросини таъминлашдан иборат.

Шу сабабли, “Мастер класс” тадбири суд приставларининг иштирокида чиройли қилиб ўтказилди ва суд приставлари ҳам тадбир якуни бўйича муносиб равишда китоблар билан тақдирландилар.

Келажакда мамлакатимизда Суд пристави тизими ташкил этилса, бу албатта, одил судловнинг қонунларимизга ва халқаро стандартларга мос равишда амалга оширилишини таъминлашга, суд процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларимизни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 27-моддасида, процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар, шунингдек, жиноят ишини юритишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ушбу Кодексда белгилаб қўйилган тартибда ва муддатда суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва суднинг процессуал ҳаракати ёки қарори устидан шикоят беришга ҳақлилиги белгилаб қўйилган бўлса-да, суднинг назорат ваколати белгиланмаган, аксинча, айнан шу Жиноят-процессуал қонунчилик билан суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини юритишда қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш фақат прокурор томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги оқибатида суднинг назорат ваколати йўққа чиқарилган.

Жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликларига ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширувчи, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи суриштирув, тергов ва жазони ижро этиш ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятларни ҳамда илтимосларни кўриб чиқувчи “Тергов судьялари”, суриштирувчи, терговчи, прокурор, жазони ижро этиш муассасалари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга арз қилиш ва зудлик билан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини холис суд томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилса суриштирув, дастлабки тергов ва жазони ижро этиш босқичида суд назоратини олиб боришга имконият яратилади, бу эса суриштирув ва дастлабки тергов идораларида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

Судьяларимизнинг ҳам амалий, ҳам назарий билимларини ошириш устида тизимли ишларни амалга ошириб боришимиз, тадбирларни доимий равишда ўтказиб боришимиз даркор.

Келгусида бу каби ўқув машғулот тадбирларини ўтказиш давом эттирилади. Ҳозирнинг ўзида жамоамиз билан бирга яна бошқа бир неча тадбирлар ўтказишни ва бу тадбирларни янада мукаммалроқ, кенгроқ ва моҳиятан мазмунлироқ ўтказиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни бошлаб юборганмиз.

 

Абдуқаюм Маҳкамов, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг раиси