November 22, 2019

ФУҚАРОЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ САЙЁР ҚАБУЛДА ТИНГЛАНДИ

 Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш барча давлат ташкилотларининг фаолият мезонига айланди.

Юртимиздаги барча ташкилот ва идоралар, шу жумладан судлар томонидан ҳам бевосита халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, фуқароларнинг ижтимоий муаммолари тингланиб, мазкур муаммолар юзасидан уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят ва туманлараро судлари томонидан жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларни тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳаси доирасида белгиланган ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқот, сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқда.

Худди шундай тадбирларнинг навбатдагиси фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари О.Қодиров томонидан Бухоро шаҳар “Шейхон”, “Мохи-хосса” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилди. Мазкур учрашувларда профилактика инспекторлари, МФЙ яраштириш коммисияси аъзолари ва фуқаролар иштирок этдилар.

Учрашув давомида маҳалла фуқаролари ўзларини қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар юзасидан мурожаат қилишди. Уларга тегишли ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди.

Шунингдек, О.Қодиров тадбирда қатнашган МФЙ яраштириш комиссияси аъзоларига никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар юзасидан эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари, келишмовчиликнинг асл сабабларини тарафлар ҳамда катта ҳаёт тажрибаси эга бўлган ота-оналар иштирокида, ҳар томонлама текшириб, хулоса бериш кераклигини, вақтинчалик низолашаётган оилаларни сақлаб қолиш, улардаги ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш - оила бардавомлигини таъминлаш учун хизмат қилишини таъкидлади.

Ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар фуқароларнинг судларга бўлган ишончини ошишига ҳамда фуқароларимизнинг ўз ечимини кутаётган муаммоларини ҳал бўлишида хизмат қилмоқда.

 
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди