September 18, 2019

ЖАБРЛАНУВЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, жиноят қонунчилигига ушбу институтнинг киритилиши жиноий-ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди.

Мазкур институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, республикада судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг кенгроқ қўлланилишига имкон яратди.

Қонун талабига биноан, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши тўғрисидаги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида судлар ярашув тўғрисидаги ишларни кўришда суриштирув ёки дастлабки тергов даврида жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), гумон қилинувчи, айбланувчи ва уларнинг қонуний вакилларига ярашув институтининг моҳиятини, Жиноят кодекси 66-1-моддасида кўзда тутилган жиноий жавобгарликдан озод этиш асослари тушунтирилганлигига ва бу ҳақда тегишли баённома тузилганлигига эътиборларини қаратишлари лозим.

Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд зиммасига қонун билан юклатилган мажбуриятлардан бири, бу - ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни жабрланувчи (фуқаровий даъвогар)га тушунтириш шартлигидир.

Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судининг иш юритувига, Э.Ф.ни ЖКнинг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши келиб тушди.

Дастлабки тергов жараёнида, гарчи Э.Ф.га ярашув институтининг моҳияти тушунтирилган бўлсада, жабрланувчига етказилган моддий ва бошқа турдаги зарарларнинг қопланиши таъминланмаган.

Суд мажлисида Э.Ф.га нафақат ярашув институтининг моҳияти, балки судланганлик ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтирилиб, иш бўйича жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплашга бир неча маротаба имконият яратилди.

Мазкур иш, жорий йил 17 сентябрь куни Мирзаобод туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабида очиқ сайёр суд мажлиси тарзида ўтказилди ҳамда жабрланувчининг қонуний вакили М.Миралиеванинг ... “Э.Ф. етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлиги, ўғлининг соғлиғи тикланганлиги, барча тиббиёт амалиётларини ўтаб бўлишганлиги, Э.Ф. билан ўзаро ихтиёрий ярашганлиги” ҳақидаги ҳамда фуқаровий даъвогар А.И.нинг "Э.Ф. томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги ва у билан ўзаро ихтиёрий ярашганлиги” ҳақдаги кўрсатувлари ҳамда бу ҳақдаги аризаларига биноан жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Суд амалиётидаги мазкур мисоллар, ярашув институти жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш омили эканлигининг яққол кўриниши десак, муболаға бўлмайди.

 

Ф.Сувонқулов, жиноят ишлари бўйича  Мирзаобод туман судининг раиси