November 11, 2019

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ КЕНГ ТАРҒИБ ҚИЛИНМОҚДА

Айни кунларда мамлакатимизда жорий йилнинг 22 декабрь санасида ўтказилиши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловолди ишлар қизғин олиб борилмоқда.

Барча хорижий ва маҳаллий ОАВ ҳамда жамоатчиликнинг диққат эътибори парламентимиз сайлови жараёнидадир.

Республикамиз ҳудудларидаги каби Навоийда ҳам сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш ишлари қизғин равишда олиб борилмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьялари ва суд ходимлари томонидан жойларда сайлов қонунчилигини аҳоли эътиборига етказиш ишлари самарали йўлга қўйилган.

Ана шундай тадбирлардан бири жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари Ш.Камолов ҳамда суд ходимлари томонидан Навоий шаҳридаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

Давра суҳбати жараёнида асосан мамлакатимизда сайлов тизими мутлақо янги босқичга кўтарилаётгани, хусусан, Сайлов кодексининг қабул қилиниши ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташлангани, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинганлиги ва шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлгани таъкидланди.

Бундан ташқари, сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланганлиги, яъни йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари сайлов комиссияси аъзоси сифатида киритилмаслиги тўғрисида батафсил ахборот берди.

-Бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад, - дейди вилоят суди раисининг ўринбосари Ш.Камолов, - аҳолини мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларда бефарқ бўлмаслиги, аксинча, ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланган “сайлов ҳуқуқи”ни билиши ва унда фаол иштирок этишига туртки беришдан иборатдир.

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди