ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ
Сурхондарё вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Олий суд судьяси А.Касимов, фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг раиси Б.Джумаев, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова ҳамда туман, шаҳар ҳокимлиги ҳотин-қизлар қўмитаси раислари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ФҲДЁ бўлимлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъул ходимлари ва туман имом хатиблари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова очар экан, Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум асосида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, вояга етмаган болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Йиғилишда Олий суд судьяси А.Касимов сўзга чиқиб, нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларни олдини олиш, оилавий муносатабларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетимизга ёт бўлган иллатларга қарши курашиш асосий мақсад ва вазифалардан бири эканлиги ҳақида гапирди.
Шундан сўнг, жами 30 дан ортиқ нотинч оилалардаги эр-хотинлар, низоли муносабатда бўлган тарафлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Шунингдек, суднинг иш юритувида мавжуд бўлмаса-да, ўрталарида низо мавжуд бўлган 5 та оила ўзаро келиштирилди.
3 та мурожаат мутасаддилар томонидан жойида ҳал қилинди.
16 та мурожаат юзасидан фуқароларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Бундан ташқари, тадбирда “Фарзанд омонат” ва “Ота” номли қисқа метражли видеофильмлар намойиш этилди. Ажралиш оқибатидаги оилалар фожеаси акс этган фильмлар йиғилганларни бефарқ қолдирмади, натижада ажрашиш ёқасида турган 3 та оилани яраштиришга эришилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди