СУДЬЯЛИК НИМА САБАБДАН 35 ЁШ ЭТИБ БЕЛГИЛАНДИ?
Ривоят қилишларича, бир киши пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг ёнларига ўз ери (томорқаси)дан шикоят қилиб борибди.
– Ё Расулуллоҳ! Мен еримга уруғ сочиб вақтида сув қуяман, вақтида чопиб йил бўйи меҳнат қиламан. Лекин ерим ҳосил бермайди – деди. Шунда ул зот қоғозга бир хат ёзиб, ҳалиги одамга тутқаздилар ҳамда айтдилар:
– Сен шу қоғозни ерингнинг ўртасига кўмиб қўйгин.
Ҳалиги киши қоғозни ерининг ўртасига кўмибди. Сўнг яна уруғ сочиб тинмай меҳнат қилибди ва ниҳоят бу сафар яхши ҳосил олибди.
Бўлган воқеадан кейин у киши яна Расули акрамнинг ёнларига бориб, ери кўп ҳосил берганлигини айтиб, қоғозга қандай сўз ёзганликларини сўради. Шунда пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в:
Мен қоғозга агар шу киши сенга уруғ сочиб меҳнат қилса-ю ҳосил бермасанг, сенга адолатсиз (нопок) қозининг жасадини кўмишни буюраман деб ёзгандим – дея жавоб берибдилар.
Ушбу ривоятдан адолатсиз қозининг охиратдаги аянчли ҳолати қандай бўлишини билиб олиш қийин эмас.
Зеро, бежиз одиллик, поклик судьялик лавозимини эгаллаган шахснинг асосий сифатлари бўлиши кераклиги эътироф этилмаган.
Адолатни қарор топтириш учун судьянинг ўз нафсини жиловлай олиши бирламчи омил бўлса, унинг маълум бир ёшга тўлганлиги, ҳаётий тажрибаси ҳамда ўз касби юзасидан муайян кўникмалар ҳосил қилганлиги ҳам муҳим албатта.
Чунки инсон ёши ортган сайин нафақат ақлий ва билим жиҳатдан, энг асосийси, маънавий жиҳатдан ҳам камолотга тўлиб боради.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини ташкил этувчи Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши жамиятда қонун устуворлигига эришиш, инсон манфааатларини ҳар нарсадан устун қўйиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, судларнинг мустақиллиги конституцион принципига амал қилиш, одил судловни амалга оширишга қаратилганлиги бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 10 сентябрда айрим давлат органларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди.
Жумладан “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 61, 62, 63 ҳамда 72 моддаларига тегишли ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 61-моддасининг биринчи қисми янги таҳрирда баён қилиниб, унга кўра ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ушбу модданинг тўртинчи қисмида судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар заҳирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шартлиги, ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилиши, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланиши назарда тутилган.
Эндиликда ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган олий юридик маълумотга ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган фуқаролар туман(шаҳар) судининг судьяси бўлиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ҳаётий тажрибага эга бўлган, турмушнинг баланд-пастини кўрган, ҳар томонлама етук, бенуқсон обрў-эътиборга эга судьялар корпусини шакллантиришга хизмат қилади.
Шохрух Сафохонов, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди малака ҳайъатининг котиби