September 26, 2019

ОИЛА МУСТАҲКАМ – ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМ

Мингбулоқ туман Мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш коллежида ҳуқуқий тадбир ўтказилди. Тадбирда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.

Унда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди судьяси Майрамхон Сидиқова ёшларга оид давлат сиёсати ҳамда никоҳ ва оила муносабати мавзуларида маъруза қилди.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган бўлиб, улар жумласига, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш киради. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бугунги давр талабидир.

Нотиқ томонидан ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор янги ва муҳим вазифалар қўйилганлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги иккинчи мавзу юзасидан сўз борар экан, маърузачи ёш турмуш қуриш ва эрта она бўлиш аёлнинг жуда кўп имкониятларини чеклаши билан бирга саломатлигига ҳам жиддий хавф солиши тўғрисида гапирди.

Оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир.

Зеро, ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкам экан, ватанимиз гуллаб-яшнайверади. Фарзандларимиз соғлом ва баркамол экан, келажагимиз порлоқ бўлади.

Дурдона Тиллабоева, Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судья ёрдамчиси