October 29, 2019

9 ОЙЛИК ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА АХБОРОТ БЕРИШДИ

Самарқанд вилоят матбуот марказида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳаитов, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Б.Норов, Самарқанд вилоят маъмурий суд раиси Б.Диёров ва Самарқанд вилоят иқтисодий суд раиси вазифасини вақтинча бажарувчи О.Асатовлар жамоатчилик вакиллари олдида жорий йилнинг 9 ойидаги фаолияти юзасидан ахборот беришди.

Матбуот анжуманини “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Ф.Тошев олиб борар экан, журналистлар, блогер ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишларини айтиб ўтди.

Матбуот анжуанида дастлаб сўз олган жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳаитов жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоят судларининг барча инстанцияларида 18 та жиноят иши бўйича 30 нафар шахслар оқланганини алоҳида таъкидлади.

Шу даврда биринчи босқич судлари томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 208 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Жазони ижро этиш муассасаларидан 478 нафар шахслар тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинган.

Шу даврда тамомланган жами ишларнинг 51,7 (49,8) фоизи, ёки 1076 (1615) та жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судларининг
жорий йилнинг 9 ойликда одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлари ҳақида гап кетганда вилоят суди биринчи инстанциясида 184 та шундан 134 та даъво қаноатлантирилган, 21 та даъво рад қилинган, 19 та кўрмасдан қолдирилган ва 10 та иш юритишдан тугатилган. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раис вазифасини бажарувчи Б.Норов маълумот берди.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари сони 9 ойликда 3.519 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 360 тага камайган. Улар бўйича даъво қаноатлантирилган қарорлар сони 2.171 тани ташкил қилиб, 2018 йилнинг
мос даврига нисбатан 250 тага камайган.

Никоҳдан ажратиш бўйича судга мурожаат қилишнинг асосий сабаблари таҳлил қилинганда оилавий келишмовчиликни 2 151 та, моддий жиҳатдан қийналганлик 349 та, фарзандсизлик 204 та, спиртли ичимликларни суистеъмол қилишлик 111 та, бошқа сабаблар 1 175 тани ташкил қилишлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари мазкур аризалар билан судга мурожаат қилганларнинг кўп қисми афсуски, ёш оилалар эканлиги кузатилади. Хусусан, 18 ёшдан 25 ёшгача – 1 384 та, 26 ёшдан 35 ёшгача – 1 847 та, 35 ёшдан юқори 759 та аризалар судга келиб тушган.

Судлар томонидан тарафларни ярашишлари учун кўрилган чоралар, хусусан, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмитаси билан билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ишлари, сайёр суд мажлисларида ажралишнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлари натижасида 155 оилалар ярашишига эришилган.

Таъкидландики, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди “Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб қувватлаш Нуроний жамғармаси”, “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида аҳоли ва жамоаларнинг кўпчилик қисмини қамраб олиш, судга мурожаат қилган фуқароларга қулайликлар яратган ҳолда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказиш, аҳолининг кенг қатламига тарбиявий таъсир кўрсатиш ва шу орқали содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришиш мақсадида сайёр суд мажлислари ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Самарқанд вилоят маъмурий суд раиси Б.Диёров маълум қилишича, ўтган 9 ой давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид ишлар бўйича 217 нафар нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, бу кўрсаткич 78 фоизга кўпайган.

Самарқанд вилоят маъмурий судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қўлланилган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, кўриб тамомланган ишларнинг 13 минг 366 таси ёки 50 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилиши таъминланган.

Самарқанд вилояти иқтисодий суди раиси в.в.б О.Асатов жорий йилнинг 9 ойи мобайнида кўрилган ишлар бўйича хўжалик юритувчи субъектлардан 7027 та даъво ариза (ариза)лар электрон шаклда вилоят иқтисодий судларига тақдим этилганлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида ишда иштирок этувчи шахсларнинг 461 нафар вакиллари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган суд процессларида қатнашиб, уларнинг тахминан 70 млн сўм маблағлари тежаб қолинганлиги таъкидланди.

Анжуманда судлар асосий эътиборни аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юкслатиришга қаратишлари кераклиги ҳақида сўз борди.

Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга суд раисларидан тегишли жавоб олдилар.

  Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди