December 5, 2019

ҲАМКОРЛИКДАГИ АМАЛИЙ ИШЛАР

  Олий суд томонидан оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонида белгилаб берилган комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 20 июлда Олий суд ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўртасида “Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум имзоланди.

2019 йилнинг 10 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жами 35.045 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризалар кўриб чиқилди. Барча ишларни кўришда жойлардаги хотин-қизлар ва маҳалла вакиллари иштироки таъминланди. Жами мурожаатлардан 18.542 таси қаноатлантирилди, 12.119 таси рад қилинди, 1.538 та иш эр-хотин ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига асосан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида Республиканинг барча ҳудудларига чиқиб, ажрашиш арафасидаги, судга ажралиш ҳақида ариза берган эр-хотинлар, шунингдек ўзлари ҳаёт бўла туриб, турли сабабларга кўра вояга етмаган фарзандларини Меҳрибонлик уйларига жойлаштирган ота-она, бобо-буви ва бошқа яқин қариндошлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Очиқ мулоқотларда Олий суд ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд–омонат” ҳамда “Ота” номли қисқа метражли фильмлар, аёллар жазони ўташ жойидан олинган видео лавҳалар тадбир иштирокчиларига намойиш этилди.

Натижада, 2019 йил 10 ойида 543 нафар фарзанди бўлган 469 та (2018 йилда 1000 дан зиёд) оилалар яраштирилди. Тадбирнинг ижобий натижасидан келиб чиқиб, бундай тадбирларни доимий ўтказиб бориш режалаштирилди.

Бундан ташқари, аёлларга нисбатан жиноят ишлари судда кўрилишида жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари иштироки таъминланиб, кафиллик асосида 2005 нафар турли жиноят содир этган аёлларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиб, шундан 171 нафари суд залидан қамоқдан озод қилинди.

  

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати