ЧИГАЛЛИККА БАРҲАМ БЕРИЛДИ
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Боғи-Эрам” маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов раислигида аризачи “Боғи-Эрам” маҳалла фуқаролар йиғинининг туғилганлик вақти фактини белгилаш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди.
Суд томонидан аниқланишича, 1969 йилда туғилган Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани 11-мавзеда яшовчи фуқаро Марина Камалованинг 2000 йил 10 декабрь куни қиз фарзанди туғилган.
М.Камалованинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги ва кейинчалик у муттасил ичкиликбозликка мубтало бўлганлиги сабабли “Алёна” деб исм қўйган фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган. Бундан ташқари, “Алёна” М.Камалованинг қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда бирга яшаган исмли номаълум шахс билан бўлган турмушларидан туғилган. “Алёна”ни шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги сабабли у мактабда ҳам таълим олмаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”нинг 19-бандига кўра, 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.
Қайд этилганлардан кўринадики, “Алёна”га шахсини тасдиқлайдаган ҳужжат олиши учун боланинг туғилганлик вақти фактини белгилаш масаласи судсиз ҳал этишнинг йўли қолмаган.
Иш бўйича тўпланган ҳужжатлар ва сайёр суд мажлисда сўралган гувоҳларнинг кўрсатмалари билан М.Камалованинг фарзанди “Алёна” 2000 йилнинг 10 декабрь куни туғилганлиги ўз тасдиғини топган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд ўзининг ҳал қилув қарори билан аризачи Юнусобод тумани “Боғи-Эрам” маҳалла фуқаролар йиғинининг аризасини қаноатлантириб, “Камалова Алёна Юрьевна”ни 2000 йилнинг 10 декабрь куни туғилганлик вақти фактини белгилади.
Суд бундай хулосага келишда тарафлар ўртасида низо мавжуд эмаслигини, жамиятда мавжуд бўлган ушбу инсонни бошқа фуқаролар каби тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишга ҳақли эканлигини ҳам инобатга олган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бир аёлнинг туғилган фарзандига нисбатан бефарқлиги оқибатида юзага келган чигалликка суд қарори орқали барҳам берилди, яъни 19 йил мобайнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз юрган фуқаро суд қарори асосида шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат олиб, жамиятда тенг ҳуқуқли шахсга айланадиган бўлди.
Ш.Баймуратова, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судья ёрдамчиси