СУДЬЯЛАР БЎЛАЖАК ҲУҚУҚШУНОСЛАРГА ДАРС ЎТИШДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг 23 август куни таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат корхона-ташкилот раҳбарлари ҳам мактабларга бориб дарс ўтишлари ҳақида топшириқлар берилган эди.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси А.Икромов ва жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари А.Шайдоевлар томонидан Бухоро вилояти юридик коллежининг 3-босқич ўқувчиларига дарс машғулотлари ўтказилди.
Дарс давомида судьялар коллеж ўқувчиларига мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, судларнинг ихтисослашиши, янги судларнинг жорий этилиши, Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши, судьяларни танлаш ва лавозимларига тайинлаш тартиби, уларнинг ҳуқуқий мақомлари, Судьялар Олий мактабининг ташкил этилиши, судларда жорий этилган электрон ахборот тизимлари ва бугунги кунда судлар фаолиятидаги янгиликлар ҳақида маълумот беришди.
Шунингдек, ўқувчиларга фуқаролик ва жиноят судларининг вазифаси, қандай ишларни кўриши, судга тааллуқлилик ва судловлилик қоидалари, судлар қабул қиладиган ҳужжатлар, фуқаролик ишларни кўриш тартиби ва муддатлари ҳақида суд амалиётидан мисоллар келтирган ҳолда тушунтириш берилди.
Дарс машғулоти савол-жавоб шаклида ўтказилиб, ўқувчилар ўзларни қизиқтирган саволларига тегишли жавоб олишди.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти суди