September 26, 2019

КОГОН, БУХОРО, ЯНГИҚЎРҒОН, ҚИЗИРИҚ ТУМАНЛАРИГА СУД РАИСЛАРИ ТАЙИНЛАНДИ

 Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

 2017 йил 7 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун кучга киргани мазкур тузилманинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади.

 Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қоракалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларидан ташқари барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга тайинлаш ва лавозимлардан озод этиш бўйича ваколатлар берилди.

 Судьялар олий кенгашининг 2019 йил 24 сентябрдаги қарорига асосан бир гуруҳ номзодлар судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига, тайинланди. Тўртта туманга суд раислари тайинланди.

 Жумладан, Кушиев Ғуломжон Ёкубжонович Навоий вилояти маъмурий судининг судьяси, Арзиев Акмал Туропович Қашқадарё вилояти иқтисодий судининг судьяси, Эргашев Алишер Зайнуллаевич жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судьяси, Жумаев Улуғбек Алишерович Сирдарё вилояти маъмурий судининг судьяси лавозимига тайинланди.

 Шу билан бирга, Холов Қосим Исматович жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Когон туман судининг раиси, Музаффаров Завқиддин Ўктамович Бухоро тумани маъмурий судининг раиси, Умаров Нозимжон Назирович жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Янгиқўрғон туман судининг раиси, Эшимов Шахридин Хўжаёрович Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани маъмурий судининг раиси лавозимига тайинландилар.

 Маълумот ўрнида: ушбу номзодлар судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига тайинланди, судга раислик эса беш йил муддатни ташкил этади.

 

Санжар Дусманов, Судьялар олий кенгаши аъзоси