Kun.uz сайтида 2021 йил 1 апрель куни эълон қилинган “Урганчлик тадбиркор аукционда ютиб олган мулкдан фойдалана олмаяпти” сарлавҳали мақола юзасидан
Нурмуҳаммад Саид муаллифлигида эълон қилинган мақолада “ELCOMAX BIZNESS” МЧЖ 1 йилдан буён кимошди савдосида сотиб олган мулкидан фойдалана олмаётгани танқид остига олинган. Шунингдек, мақолада “Бошқарма берган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми бино ҳудудидан ноқонуний фойдаланиб келаётган « SAFARNIYAZ XAYRULLO» хусусий корхонасини бинодан чиқариш бўйича Хоразм вилояти судига 2020 йил 19 июнь куни даъво аризаси киритган. Аммо суднинг ҳал қилув қарори ҳанузгача қабул қилинмаган”лиги таъкидланган.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш чоғида аниқланишича, ҳақиқатан ҳам даъвогар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «SAFARNIYAZ XAYRULLO» хусусий корхонасини Урганч шаҳар, И. Каримов кўчаси, 16-уйда жойлашган бинодан мажбурий кўчиришни сўраган.
Аммо, даъво аризасига давлат божи ва почта харажати тўланганлигини тасдиқловчи квитанциялар илова қилинмаганлиги сабабли Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 30 июндаги ажрими билан мазкур даъво ариза Иқтисодий процессуал кодекси 155-моддаси 1-қисми 6-бандига асосан даъвогарга қайтарилган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 30 июндаги ажримига нисбатан бугунги кунга қадар шикоят келиб тушмаган ва суд ажримида кўрсатилган даъво аризасини қайтаришга асос бўлган камчиликлар бартараф этилган ҳолда даъво ариза қайтадан тақдим этилмаган.
Албатта, мазкур даъво аризаси юқорида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилиб, судга қайтадан тақдим этилган тақдирда унинг кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилиши тўлиқ таъминланади. Бироқ, кенг омма эътиборига ҳавола этилаётган ҳар қандай ахборот ёхуд маълумот ҳаққоний бўлиши лозимлигини, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатганлик учун ахборот манбаи ва муаллифи қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлишини ёдда тутиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси