ЖАҲОН СУДЬЯЛАРИ ЎРТАСИДА ТАЖРИБА АЛМАШИЛДИ
Жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини такомиллаштириш бўйича йиғилиш ўтказилиб, унда давлат раҳбари томонидан республикамиз судьяларини интеллектуал мулк ҳуқуқи, интеллектуал мулк соҳасида низоларни кўриб чиқиш, шунингдек интеллектуал мулк билан боғлик бўлган ноҳалол рақобатга барҳам бериш бўйича тажриба ва малакаларини оширишда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.
Ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Реслубликаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан шу йилнинг 18-20 ноябрь кунлари Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда онлайн шаклда “Интеллектуал мулк бўйича судьяларнинг йиллик форуми” (2020 WIPO Intellectual Property Judges Forum) ташкиллаштирилди.
БМТнинг расмий, яъни инглиз, рус, француз, хитой ва араб тилларида олиб борилган форумда халқаро тажрибага эга бўлган судьялар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг судьялари, Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судининг судьялари иштирок этди.
Қизиқарли ва бахс-мунозараларга бой ўтган тадбирда интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни кўриб чиқиш, шунингдек интеллектуал мулк объектларидан трансчегаравий фойдаланишни кенгайтириш шароитида юзага келадиган энг долзарб ҳуқуқий масалалар бўйича жаҳон судьялари ўртасида тажриба алмашилди.