А. ШЕРБАЕВНИНГ ФУҚАРОЛИК ИШИ ХУСУСИДА
YouTube каналида блогер Абдуқодир Низомов томонидан берилган видеолавҳа юзасидан маълумот
Даъвогар А. Шербаев 2020 йил 19 июнда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, нотариус вазифасида ишлаб келган даврларда фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияни Андижон вилоят адлия бошқармасидан ундиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 2020 йил 25 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантиришдан рад қилинган.
Ҳал қилув қарори устидан даъвогар А. Шербаев томонидан дастлаб апелляция шикояти берилган ва 2020 йил 5 октябрдаги ажрим билан бу шикоят қайтарилган.
Апелляция шикоятини қайтариш ва уни қайд этишда йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан судья М. Комилова ва суд ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Даъвогар А. Шербаевнинг 2020 йил 21 октябрда берган кассация шикояти фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят суди кассация инстанциясининг суд мажлисида кўриб чиқиш учун 2020 йил 12 ноябр кунига белгиланган.
2020 йил 12 ноябрда кассация инстанцияси судида раислик қилувчи судья Ч. Исмоилова, судьялар М. Аҳмадалиева ва И. Азизовлардан иборат таркибда суд мажлиси бўлиб ўтган.
Кассация инстанциясининг суд мажлиси процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда очилиб, судлов ҳайъати таркиби эълон қилинганда, даъвогар А. Шербаев суд таркибини рад қилиш ҳақидаги ариза берган.
Раддия аризасига ўзининг ишини Андижон вилоятида кўрилишига вилоят адлия бошқармасининг таъсири бўлаётганлигини асос сифатида кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 21-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд эмаслиги сабабли кассация инстанцияси суди томонидан раддия аризасини қаноатлантиримаслик ҳақида ажрим чиқарилган.
Тарафларнинг суд мажлисидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгач, даъвогар А. Шербаев суд мажлисини видеотасвирга олишга ҳамда суд мажлисида блогернинг иштирок этишига руҳсат бериш ҳақида илтимоснома берган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 208-моддаси 6-қисмига кўра, суд мажлисини фототасвирга тушириш, аудио ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарорининг 14-бандига кўра, фуқаролик ишини кўриш пайтида очиқ суд мажлисини фототасвирга олиш ва видеоёзувни амалга оширишга суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан йўл қўйилади.
Илтимоснома бўйича жавобгар Андижон вилоят адлия бошқармаси вакилларидан С. Абдуллаев ва К. Машраповлар юзларини кўрсатмасдан видеотасвирга олинишига эътирози йўқлигини, А. Турсуналиев умуман рози эмаслигини билдирган.
Жавобгар вакили видеоёзувни амалга оширишга рози бўлмаганлиги сабабли илтимосноманинг суд мажлисини видеотасвирга олиш ҳақидаги қисми қаноатлантирилмаган.
Суд муҳокамасининг ошкоралигини таъминлаш учун суд мажлисида блогернинг ёки исталган бошқа шахснинг қатнашишига имконият берилиши мумкинлиги сабабли илтимосноманинг бу қисми қаноатлантирилиб, блогернинг иштирок этишига рухсат берилган ва суд мажлисида блогер Абдуқодир Низомов қатнашган.
Шундан сўнг даъвогар А. Шербаев янги илтимоснома билан мурожаат қилиб, иш материаллари билан танишиб чиқиш ва қўшимча далиллар тақдим қилиш учун суд мажлисини бошқа кунга қолдиришни сўраган.
Сувдлов ҳайъати жавобгар вакиллари ва прокурорни фикрини эшитиб, илтимосномани қаноатлантириш ва суд мажлисини 2020 йил 19 ноябрь соат 15-00 га қолдириш ҳақида ажрим қилган.
Блогер А. Низомов ўзи видеолавҳасида А. Шербаев ўзининг фуқаролик иши бир ярим йилдан буён кўриб чиқилаётганлигини билдирган, лекин унинг фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация ундириш ҳақидаги даъво аризаси 2020 йил 19 июнда судга берилган.
Илгари берилган бошқа мазмундаги даъво аризаси, яъни Андижон вилоят адлия бошқармасига нисбатан нотариус вазифасига ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди томонидан 2019 йил 10 сентябрда кўриб чиқилган ва даъво рад қилинган.
Ишга тиклаш ҳақидаги даъвони рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори устидан А. Шербаев томонидан берилган кассация шикояти 2019 йил 22 ноябрда вилоят судининг кассация инстанцияси томонидан, назорат тартибидаги шикояти 2020 йил 21 январда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 5-бандига мувофиқ оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас.
Видеолавҳадаги суд мажлисини видеотасвирга олиш қонун билан чекланмаганлиги, кассация инстанцияси суди суд мажлисини видеотасвирга олишни таъқиқлаб, қонунни ва блогерларнинг ҳуқуқларини бузганлиги ҳақидаги фикрлари қонунни билмасдан айтилган фикрлар бўлиши мумкин, чунки бунинг акси судга босим ўтказишга уриниш деб баҳоланиши мумкин.
Шу ўринда суд мажлисини видеотасвирга олишга розилик бериш ёки бермаслик ҳар бир тарафнинг процессуал ҳуқуқи эканлигини инобатга олиб, барча суд жараёни иштирокчиларини ҳамда иштирокчи бўлмаган шахсларни тарафларнинг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва ишни натижаси бўйича олдиндан хулоса қилмасликка чақирамиз.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати