Р. ТОШПЎЛАТОВ ВА БОШҚАЛАРНИНГ ИШИГА ОИД

YouTube тармоғидаги Jamoatchiliknazorati каналида жойлаштирилган видеолавҳа юзасидан маълумот

Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2020 йил 25 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси рад қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 3 сентябрь кунги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2020 йил 25 февралдаги мазкур иш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар М. Абдуллаеванинг мажбурий тартибда кўчириш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириб, жавобгарлар Р. Тошпўлатов, О. Тошпўлатова ва Л. Миркаримовани вояга етмаган фарзандлари билан Косонсой тумани, “Гулистон-2” МФЙ, Дўстлик кўчаси, 8-уй, 1-хонадондан мажбурий тартибда кўчириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Косонсой тумани, “Гулистон-2” МФЙ, Дўстлик кўчаси, 8-уй, 1-хонадон
1993 йил 8 июлда Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси Наманган вилоят бошқармасининг 7669-сонли давлат ордерига асосан даъвогар М. Абдуллаевага тегишли.

Низоли хонадон Косонсой туман кадастр хизмати давлат корхонасида 2001 йил 7 сентябрда 0079551-сон билан рўйхатдан ўтказилиб, мулкдор сифатида даъвогар М. Абдуллаева номига давлат рўйхатидан ўтказилган. Шунга кўра, ҳозирда даъвогар М. Абдуллаева низоли хонадон мулкдори ҳисобланади.

Муқаддам фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2019 йил 31 июль кунги ҳал қилув қарори билан даъвогар М. Абдуллаеванинг жавобгарлар Р. Тошпўлатов, О. Тошпўлатова ва Л. Миркаримоваларга нисбатан хонадондан мажбурий тартибда кўчириш ва мажбурий тартибда киритиш ҳақидаги даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, даъвогар М. Абдуллаевани низоли Косонсой тумани, “Гулистон-2” МФЙ, Дўстлик кўчаси, 8-уй, 1-хонадонга мажбурий тартибда киритиш белгиланиб, жавобгарлар Р. Тошпўлатов, О. Тошпўлатова ва Л. Миркаримовалар низоли хонадонда доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келаётганликлари сабабли уларни низоли хонадондан кўчириш рад қилинган.

Косонсой туман маъмурий судининг 2019 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан аризачи М. Абдуллаеванинг аризаси қаноатлантирилиб, Косонсой туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими зиммасига жавобгарлар Р. Тошпўлатов, О. Тошпўлатова ва Л. Миркаримоваларни низоли хонадондан доимий рўйхатдан чиқариш мажбуриятини юклаш белгиланган.

Наманган вилоят маъмурий судининг 2019 йил 19 декабрдаги қарори билан Косонсой туман маъмурий судининг юқоридаги 2019 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 3 сентябрь кунги ажримини қабул қилинишига Косонсой туман маъмурий судининг 2019 йил 19 ноябрдаги Р. Тошпўлатов, О. Тошпўлатова ва Л. Миркаримоваларни низоли хонадондан доимий рўйхатдан чиқариш мажбуриятини юклаш ҳақидаги қарори ҳамда низоли хонадонга нисбатан мулкдор сифатида даъвогар М. Абдуллаева номига давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, жавобгарларни даъвогарга ҳеч қандай қариндошлик алоқаси йўқлиги (бегона шахслар ҳисобланиши) асос бўлган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати