С. АҲМЕДОВАНИНГ ИШИГА ОИД
Facebook ижтимоий тармоғидаги фуқаро Санобархон Аҳмедованинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Даъвогар А. Алиакбаров судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарлар С. Аҳмедова ва бошқаларни Қўқон шаҳар, А. Т. Хўқандий мавзеси, 82-уй, 31-хонадондан мажбурий тартибда кўчиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 17 мартдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Қўқон туманлараро судининг 2020 йил 20 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар А. Алиакбаровнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар С. Аҳмедова ва бошқалар даъвогарга тегишли бўлган Қўқон шаҳар, А. Т. Хўқандий мавзеси, 82-уй, 31-хонадондан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.
Аниқланишича, Қўқон шаҳар, А. Т. Хўқандий мавзеси, 82-уй, 31-хонадон 2004 йил 3 ноябрдаги олди-сотди шартномасига асосан 2013 йил 23 мартда вафот этган Анвар Алиакбаровга тегишли бўлган.
Анвар Алиакбаров ва Тамара Алиакбарова 1983 йил 3 августда қонуний никоҳ асосида турмуш қурган.
Ўзаро турмушларидан Маъмура, Лола, Мафтуна, Моҳигул, Дилафруз, Холида, Санобар, Сайдулло, Зарина, Файзулло, Азизжон (иш бўйича даъвогар) ва Акмалжон исмли 12 нафар фарзанди бўлган.
Қўқон шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2015 йил 12 ноябрда реестрга 1-3848-сон билан қайд этилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан А. Т. Хўқандий мавзеси, 82-уй, 31-хонадонга нисбатан Тамара Алиакбарова меросхўр деб топилган.
Низоли хонадон Қўқон шаҳар 2-сонли давлат нотариал идораси томонидан 2015 йил 21 декабрда реестрга 1-3614-сон билан қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан Т. Алиакбарова томонидан О. Ходжиматовага 60 000 000 сўмга, О. Ходжиматова томонидан эса Қўқон шаҳар 4-сон давлат нотариал идорасида 2016 йил 17 июнда 609-реестр билан қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан жавобгар Санобархон Аҳмедовага 45 000 000 сўмга сотилган.
Маълум бўлишича, турар жойга Т. Алиакбаровани меросхўр деб топишга Қўқон шаҳар, “47-Райхон” МФЙнинг йил 24 июндаги 64-сонли (бошқа меросхўр йўқлиги ҳақида) маълумотномаси асос бўлган.
Маълумотномани қалбакилаштириш бўйича Т. Алиакбаровага нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2017 йил 1 августдаги ажрими билан амнистия акти асосида тугатилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 19 апрелдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Ўзбекистон туманлараро судининг 2018 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори билан Қўқон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасида 2015 йил 12 ноябрь куни 1-3848-реестр билан қайд этилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳноманинг 1/2-қисми, шунингдек шу хонадонга нисбатан Т. Алиакбарова ва О. Ходжиматова ўртасида, О. Ходжиматова ва С. Аҳмедова ўртасида тузилган олди-сотди шартномалари ҳақиқий эмас деб топилган, Т. Алиакбаровадан О. Ходжиматова фойдасига хонадон учун тўланган 60 000 000 сўм, О. Ходжиматовадан С. Аҳмедова фойдасига хонадон учун тўланган 45 000 000 сўм ундириш белгиланган бўлиб, ушбу суд қарорлари қонуний кучда.
Кейинчалик, Қўқон шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2018 йил 4 августда қайд этилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан даъвогар Азизжон Алиакбаров низоли уйни 1/2-қисмининг 12/13-қисмига нисбатан меросхўр деб топилган, мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.
Марҳумнинг меросхўрлари: Тамара (турмуш ўртоғи,) Маъмура, Лола, Мафтуна, Моҳигул, Дилафруз, Холида, Санобар, Сайдулло, Зарина, Файзуллолар меросдан Азизжон Алиакбаров фойдасига воз кечган. Мероснинг жавобгар Акмал Алиакбаровга тегиши лозим бўлган 1/13-қисми очиқ қолдирилган.
Айни пайтда низоли уйнинг 13/26 қисми Тамара Алиакбаровага, 12/26 қисми Азизжон Алиакбаровга тегишли бўлиб, мероснинг Акмалжон Алиакбаровга тегиши лозим бўлган қисми очиқ қолдирилган.
Шу билан бирга, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2018 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар С. Аҳмедова фойдасига жавобгарлар О. Ходжиматова, Т. Алиакбарова, Х. Қиличов, М. Мирзаолимов, Д. Мамаджонов, А. Аклиакбаровдан солидар тартибда 51 127 284 сўм моддий зарар (жиноят оқибатида етказилган), 500 000 сўм маънавий зарар ҳамда 1 108 665 сўм суд харажати, жами 52 735 949 сўм ундирилиши белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация инстанцияси судининг 2018 йил 16 августдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг Д. Мамаджонов, А. Аклиакбаровга нисбатан қисми бекор қилинган ва шу қисми бўйича даъво талабини рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати