June 4, 2021

Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган М. Мамадалиевнинг мурожаати юзасидан

Андижон шаҳридаги “SIFAT FARM GARANT” масъулияти чекланган жамияти судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, МЧЖ бино-иншоотида содир бўлган ёнғин сабаб жавобгар “ALSKOM” суғурта компанияси акциядорлик жамиятидан 272 миллион 746 минг сўм суғурта товон пули, 136 миллион 373 минг сўм пеня ва 500 минг сўм миқдоридаги зарарни ундиришни сўраган. Даъвога ёнғин шахснинг айби билан содир этилмаганлиги, аммо жавобгар суғурта товонини тўлашдан бош тортиб келаётганлиги асос қилиб келтирилган.

Мазкур иш Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 26 январдаги суд мажлисида кўриб чиқилган ҳамда суд 2017 йил 9 июндаги ёнғин ҳодисаси келиб чиқишига даъвогар биносидаги электр симларининг ўта қизиб кетиши ва симларнинг қисқа туташуви сабаб бўлганлигини инобатга олиб, суғурта ҳодисаси юз бермаганлиги сабабли даъво қаноатлантиришдан рад этилган.

Ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб, “SIFAT FARM GARANT” МЧЖ томонидан келтирилган апелляция шикояти Андижон вилояти иқтисодий судининг апелляция инстанцияда ҳам кўриб чиқилган ҳамда судлов ҳайъатининг 2018 йил 3 апрелдаги хулосаси билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Шунингдек, даъвогар Андижон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори ва Андижон вилояти иқтисодий суди апелляция инстанциясининг қарори устидан Олий судга мурожаат этган. Олий суд тегишли судлов ҳайъатининг 2019 йил 10 майдаги қарори билан Андижон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори ҳамда Андижон вилояти иқтисодий суди апелляция инстанцияси қарорини ўзгаришсиз, “SIFAT FARM GARANT” масъулияти чекланган жамиятининг назорат шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирган.

Ўз навбатида даъвогар янги очилган ҳолат бўйича судга қайта мурожаат этган.

Биринчи инстанция судининг 2020 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган, жавобгардан даъвогар фойдасига 272 миллион 746 минг сўм суғурта товон пули, 68 миллион 186 минг 500 пеня ундирилган, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Фарғона вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 27 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган, иш бўйича даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг даъвогар Олий судга назорат шикояти билан мурожаат қилиб, апелляция инстанция судининг 2020 йил 27 октябрдаги қарорини бекор қилишни, ҳал қилув қарорини эса ўз кучида қолдиришни сўраган.

“SIFAT FARM GARANT” масъулияти чекланган жамиятининг Олий судга йўллаган назорат шикояти асосида масала ўрганиб чиқилган ҳамда судлов ҳайъатининг 2020 йил 9 декабрдаги қарори билан Фарғона вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциянинг 2020 йил 27 октябрдаги қарори ўз кучида қолдирилган, “SIFAT FARM GARANT” МЧЖнинг назорат шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Олий суд қарори айни пайтда қонуний кучида эканлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси