October 19, 2020

Б. АЛИШЕРОВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ БЎЙИЧА

YouTube тармоғидаги Бегали Алишеровнинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси судининг 2019 йил 10 январдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг 2018 йил 26 сентябрдаги Б. Алишеровга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд, Б. Алишеровнинг “Yangihayot zamin saxovat invest” МЧЖ раҳбари вазифасида ишлаб келиб, ТИФ “Миллийбанк” Бувайда филиали томонидан МЧЖга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 119-сонли, Адлия вазирлигидан 2015 йил 20 мартда рўйхатга олинган Марказий банк бошқарувининг “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тўғрисида”ги қарорларга асосан иссиқхона қуриш ва лимон кўчатлари етказиб бериш учун ажратилган имтёзли кредитларни бошқа мақсадларда ишлатиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган жами 185 004 000 сўм маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликдаги жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилган.

Б. Алишеровндан ТИФ “Миллийбанк” Бувайда филиали фойдасига 185 004 000 сўм моддий зарар ундириш кўрсатилган.

Судланган Б. Алишеровнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айби, ўзининг судда айбига қисман иқрор бўлиб берган кўрсатмаларидан ташқари, фуқаровий даъвогар И. Умирзақов, жабрланувчилар Ш. Мамарасулов, А. Ашуров, Б. Қорабоев, К. Матраҳимов, Н. Ортиқов, Ш.Тоштемиров, А.Мамарасулов, А.Юнусов, М.Эргашев, Д.Юлдашева, Ш. Аҳмедова, Т. Мадалиева, А. Омонов, Д. Умарова, гувоҳ Ж. Мадаминов, У. Ҳамидов, Ш. Алишерова, З. Деҳқоновнинг суддаги кўрсатмалари, шунингдек, жиноят ишидаги Б. Алишеровга тегишли “Yangihayot zamin saxovat invest” МЧЖга ажратилган кредит ҳужжат нусҳалари, ҳисоб-вароқ фактура, ариза, банк томонидан берилган огоҳлантириш хатлари, фуқароларга ажратилган кредит бўйича ҳужжат нусҳалари, Бувайда тумани халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар, текшириш далолатномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда ишдаги бошқа далиллар билан исботланган.

Апелляция инстанцияси суди судланган Б. Алишеровнинг апелляция шикоятида ТИФ “Миллийбанки” Бувайда филиали раҳбари номига 100 000,0 сўм кредит ажратишни сўраб ариза ёзмаганлигини, кредит папкадаги ариза ва шартномалардаги имзолар, шунингдек шартномадаги “Yangihayot zamin saxovat invest” МЧЖ штампи ва мухри унга тегишли эмаслигини, ҳеч ким билан шартнома тузмаганлигини, бизнес режани банк ҳодимлари тузишгани, МЧЖнинг хисоб рақамига иссиқхона қуриш ва лимон кўчатлари етказиб бериш учун 14 нафар фуқароларга ажратилган кредит маблағлари бўйича фуқаролар билан шартнома тузмагани ҳақидаги важлари суд муҳокамасида тўлиқ текшириб, ТИФ “Миллийбанки” Бувайда филиалидан кредит папкалар олиниб, улардаги мухр ва имзолар бўйича судга-оид хатшунослик экспертизаси тайинланган.

Фарғона вилоят ИИБ ЭКБнинг 2018 йил 22 декабрдаги 709 ва 710-сонли ҳулосаларида, ТИФ “Миллийбанки” Бувайда филиали томонидан “Yangihayot zamin saxovat invest” МЧЖ шаклидаги агрофирмасига ажратилган 100 000,0 сўм ҳамда 19 нафар фуқароларга ажратилган кредитлар бўйича юритилган йиғма жилдлардаги шартномаларнинг “Yangihayot zamin saxovat invest” агрофирмаси номидан тасдиқлаб берилган мухри тақдим қилинаётган мухрда бажарилгани, “Б. Алишеров” ёзувидан олдин бажарилган имзолар Б. Алишеров томонидан бажарилгани, ТИФ “Миллийбанки” Бувайда филиали бошқарувчиси номига 100 000,0 сўм кредит ажратишни сўраб “Yangihayot zamin saxovat invest” агрофирмаси рахбари Б. Алишеров номидан ёзилган аризадаги думалоқ мухр, ариза матни ёзилиб, принтердан чиқарилганидан сўнг босиб тасдиқланганлиги кўрсатилган.

Шунга кўра, Б. Алишеров томонидан бир неча идораларга норозичилик билдириб, кредит ҳужжатларидаги унинг номидан қўйилган имзолар сохталаштирилгани, ҳеч ким билан шартнома тузмагани, мухр ва штамп унинг агрофирмасига тегишли эмаслиги, пулларни ўзлаштирмагани, барча ишларни банк ҳодимлари томонидан амалга оширганлиги ҳақидаги важлари асоссиз бўлиб, юқоридаги экспертиза ҳулосалари, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларнинг тергов ва суддаги кўрсатмалари, кредит йиғма жилддаги шартномалар, ариза, ҳисоб-вароқ фатура, тўлов топшириқномалари билан тўлиқ рад қилинади.

Суд, судланган Б. Алишеровга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори тушунтиришларига риоя қилиб, унинг содир этган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг шахси, оилавий шароити, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келиши, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, жиноят оқибатида давлат бюджетига етказилган жуда кўп миқдордаги моддий зарар қопланмаганини, келгусида фуқаролар манфаати учун қабул қилинаётган қонун ва қарорлар жойларда тўғри ва қонуний бажарилишини таъминлаш нуқтаи назаридан қонуний жазо тайинлаб, тўғри ҳулосага келган.

Б. Алишеровнинг 2020 йил июнь ойида Олий судга ёзган шикояти Жиноят-процессуал кодексининг 510-2 моддаси (назорат тартибида берилган шикоятларни кўриб чиқмасдан қайтариш) да талабларига тўғри келмаслиги учун кўриб чиқилмасдан қайтарилган аризачига қайтарилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати