June 14, 2021

Aks-sado Telegram-каналида 2021 йил 10 июнь куни эълон қилинган видеолавҳа юзасидан

Даъвогар Фатима Петренконинг ишончли вакили Аюбхон Сайдуллаев жавобгар Баҳодир Алматовга нисбатан тураржойдан мажбурий тартибда кўчириш ҳақидаги даъво ариза билан 2020 йил 27 ноябрда судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2021 йил 26 январдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар Б. Алматовнинг оила аъзолари ҳисобланган қўшимча жавобгар Гулноза Мавлонова ва вояга етмаган Шодиёна Мавлонова билан биргаликда даъвогар Ф. Петренкога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, Боботоғ МФЙ, 5\1-Б даҳа, 5-уй, 35-хонадондан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.

Ҳал қилув қарори қабул қилинган куни жавобгар Б. Алматов ва унинг турмуш ўртоғи Г. Мавлонованинг ўзлари шахсан суд мажлисида иштирок этишган.

Суд қарори қонуний кучга кирганидан сўнг 2021 йил 26 февралда ижрога қаратилган.

Шундан сўнг 2021 йил 8 апрелда жавобгар Б. Алматов суд қарорининг ижросини кечиктириш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2021 йил 20 апрелдаги ажрими билан ариза қаноатлантирилиб, 2021 йил 26 январда чиқарилган ҳал қилув қарорининг ижроси 1,5 ой муддатга, яъни 2021 йил 5 июнгача кечиктирилган.

Шунингдек, жавобгар Б. Алматов 2021 йил 22 апрелда ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибидаги шикоят билан судга мурожаат қилган ва ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, тиклашни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2021 йил 12 майдаги ажрими билан жавобгар Б. Алматовнинг ўтказилган муддатни тиклаш ҳақидаги аризаси рад этилиб, апелляция шикояти суднинг иш юритувига қабул қилинмасдан қайтарилган.

Қайд қилинган суд ажримига нисбатан апелляция тартибида шикоят (протест) келтирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси