2020 ЙИЛ 19 ФЕВРАЛЬ КУНИ OZODLIK – INSTAGRAM ДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “АҲМАДБОЙНИ КЎРМАГАН ФУҚАРОНИНГ УЙИ "АҲМАДБОЙ ИШИ" ДОИРАСИДА ХАТЛОВГА ТУШДИ” БИЛДИРИШ ВА ВИДЕОМУРОЖААТГА ОИД МАЪЛУМОТ
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 майдаги ҳукмига кўра, О. Турсунбоев, Ш. Душанов, Л. Солиев, Ш. Ирматов, Э. Мамутов, Ю. Джураев, Н. Дадаев ва бошқалар ўзаро жиноий тил бириктириб, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Фаробий кўчаси 12-уй 5-хонадонни (фуқаро А. Нурмуҳаммедов номига 2015 йил 15 августдаги олди-сотди шартномасига асосан расмийлаштирилган) сотиб олиб, бу билан жиноий хатти-ҳаракатлари натижасида қўлга киритилган пул маблағларини легаллаштиришган.
Суд ҳукмига кўра, А. Турсунбоев ва бошқаларга тегишли жазолар тайинланган ҳамда фуқаро А. Нурмуҳаммедовнинг номига 2015 йил 15 августдаги олди-сотди шартномасига асосан расмийлаштирилган Тошкент шаҳар Олмазор тумани Фаробий кўчаси 12-уй 5-хонадонни ижро органлари орқали сотувга қўйишни ва сотувидан тушган пул маблағларини жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб бериш белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 23 августдаги ажримига кўра, ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми ўзгаришсиз қолдирилиб, Н. Турсунованинг А. Нурмуҳаммедов номига расмийлаштириб берган уйи учун пулларини олмаганлиги тасдиқланганлиги, бу ҳолатда А. Эшматовнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари борлигини аниқлаш мақсадида ушбу ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокурорига хабарнома юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати