Судлар фаолиятини рақамлаштириш янада жадаллашади ёхуд янги босқичдаги очиқ ва шаффоф суд тизими
Маълумки, сўнгги йилларда суд органлари фаолиятини рақамлаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли қарори қабул қилиниши билан судлар фаолиятини рақамлаштириш янги босқичга кўтарилади, бошқача айтганда судлар фаолияти халкаро стандартлар ва ривожланган давлатлар эришган ютуқлари даражасида янада очиқ ва шаффоф тизимга ўтилади.
Қарорга асосан қуйидаги судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича 2021 йил 1 январдан бошлаб кейинги босқичдаги бир нечта устувор вазифалар белгиландики, мазкур янгиликлар қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, судлар фаолиятида “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Мазкур тизим орқали барча давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этилади, яъни судларда қоғоз шаклида иш ютиришдан босқичма-босқич воз кечилади.
Шунингдек, мазкур тизим афзалликлари орқали манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконияти яратилади.
Иккинчидан, тарафларнинг илтимосномалари бўйича суд мажлиси баённомаларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда шакллантирилади.
Учинчидан, апелляция ва кассация инстанция судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик тақсимланади.
Тўртинчидан, суд қарорлари тарафларга электрон тарзда, илтимосномалари бўйича қоғоз шаклида тақдим этилади.
Бешинчидан, фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Олтинчидан, мобил дастур орқали суд мажлисларида масофадан туриб, яъни суд биносига келмасдан видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконияти яратилади.
Еттинчидан, суд ишларини давлат архивига электрон шаклда тақдим этилади.
Саккизинчидан, суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида суд мажлиси иштирокчилари SMS хабар орқали бепул хабардор этилади.
Тўққизинчидан, Суд ахборот тизимларини 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, Президент Виртуал қабулхонаси ва Бош вазирининг Тадбиркорлик мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари билан уланади.
Мазкур қарор асосида судлар фаолияти рақамлаштириш орқали суд тизими янада очиқ ва шаффоф бўлади, бюрократик тўсиқларга чек қўйилади, иш юритиш электрон тартибда амалга оширилиб, қоғоз шаклида иш юритиш максимал даражада чекланади. Судларда ишларни кўриш тезлиги ва самарадорлиги ошади, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратилиб, уларинг оворагарчилигига чек қўйилади, судда уларнинг вақти ва маблағлари тежалади, одил судловга эришиш даражаси осонлашади.
Энг асосийси, судларда иш юритишда инсон омили аралашуви чекланиб, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши кафолатланади.
Илҳом Юлдашев,
Бухоро вилоят иқтисодий суди судьяси