June 22, 2020

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги-одил судловга эришишнинг бош мезонидир

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституция вий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда адолатни қарор топтиришда суд органларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
Суд-ҳуқуқ соҳасида сўнгги йилларда амалга оширалаётган туб ислоҳотлар, ўзгаришлар, энг аввало, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, шу орқали халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини ошириш ўз самарасини бермоқда. Бу вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам катта аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, судьяларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини жаҳон андозалари даражасида кўтаришда ҳали олдимизга талайгина вазифалар турганлигини, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши кераклигини таъкидлаб ўтган эдилар.
Дарҳақиқат, Президентимиз раҳманамолигида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилишига қарамасдан, ҳали амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар талайгина.
Куни кеча жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судида ўтказилган давра суҳбатида ана шу вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилди. Йиғилишда, Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатаси вакиллари, Олий суд ва судьялар олий кенгаши аъзолари, судьялар, прокуратура, адлия ҳамда адвокатлар палатаси вакиллари иштирок этишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этаяпти, -дейди жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг раиси Ҳ.Қудратов. Суд-ҳуқуқ соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бу тизимдаги органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминламоқда. Хусусан, сайёр ва онлайн суд мажлислари, оқлов ҳукмларининг кўпайиши, судьяларнинг тайинловдан олдин жамоатчилик суҳбатидан ўтиши одил судлов тизимини янги поғонага олиб чиқмоқда.
Давра суҳбатида аввало адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилиниши, одил судловга салбий таъсир ўтказаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни тўлиқ бартараф этиш, суд ҳокимияти нуфузини янада ошириш, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга оид қонунларни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш баробарида халқимизнинг суд органларига нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини оширишда янада тўлароқ намоён бўлмоқда,-дейди Олий Мажлис сенати аъзоси А.Тошқулов. Бу каби учрашувлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, судлар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Амалга оширилган ташриф давомида судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан судлар фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, суд-ҳуқуқ соҳасида бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар суд органлари ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Шерали Қодиров, Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг девонхона мудири