“MA-News Agency” Telegram-каналида эълон қилинган “Сўхликлар иши: музокаралар тугади”материали юзасидан
Фарғона вилоят судида “Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилмоқда.
Суд ишида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг иштироки тўлиқ таъминланмоқда.
Иш юзасидан судланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳлар сўроқ қилиниб, суд жараёни судланувчининг охирги сўзини олиш босқичида бўлса-да, айрим оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғида фаолият олиб борувчи баъзи бир журналист ва блогерлар томонидан ушбу суд жараёнларини бир томонлама ёритиш, ҳали суд томонидан баҳо берилиб, мақбул деб топилмаган далиллар ва кўрсатмаларни оммага муҳим факт сифатида кўрсатиш орқали судга таъсир ва босим ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Мазкур жараёнларни нохолис тарзда ёритиш нафақат суднинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, балки аҳоли орасида одил судловнинг обрўсига путур етказиб, халқимизнинг давлат ва унинг тузилмаларига бўлган ишончини сусайтиради.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, суднинг адолатли қарор қабул қилишига ва унинг холислилигига таъсир қилувчи ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади. Ана шундай ҳаракатларни содир этган шахслар тегишли жавобгарликка тортиладилар.
Шу муносабат билан, суд жараёнларини ёритиб бораётган журналист ва блогерлар амалдаги қонун доирасида фаолият юритиш ва журналистик касб этикасига қатъий риоя қилиш қонун талаби эканлигини унутмасликлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бошқармаси