СУДЛАРДА ИШЛАРНИ АВТОМАТИК ТАҚСИМЛАШ ТИЗИМИ БИР НЕЧА ЙИЛДАН БУЁН САМАРАЛИ ИШЛАБ КЕЛМОҚДА
Ижтимоий тармоқларда “cудларда ишларни автоматик тақсимлаш тизими ҳанузгача амалиётга жорий этилмагани, бу жараён судлар раислари томонидан амалга оширилаётгани”, деган асоссиз маълумот тарқатилган. Албатта, танқидий чиқишлар муайян камчилик ва муаммоларни ҳал этишнинг муҳим омилидир, десак хато бўлмайди. Бироқ, судларда ишларни автоматик тақсимлаш тизими айни кезда тўлиқ амалга жорий этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳаттоки дастлаб синов тариқасида амалга татбиқ этилган бу тизим эндиликда, таъбир жоиз бўлса, ўзининг кичик бир тарихига эга. Аниқроқ айтганда, судларда ишларни автоматик тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори билан тасдиқланган 2017–2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш Дастурининг 5-бандида алоҳида назарда тутилган эди. Мазкур бандда судлар фаолиятини автоматлаштириш учун ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига суд ҳокимияти органлари билан электрон ҳамкорлик қилиш имконини бериш доирасида биринчи инстанция судларида ишларни автоматлаштирилган тарзда тақсимлаш тизими жорий этилган.
Эътиборлиси шундаки, бу борада зарур ҳуқуқий ва техник имкониятлар яратилиб, муайян ишни кўриш учун суд таркиби автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилиши ҳақидаги нормалар 2018 йилда қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодексининг 17-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг 17-моддаси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 18-моддасида алоҳида белгилаб қўйилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2018 йил 6 июлдаги қарори билан биринчи инстанция жиноят, фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартиби амалга киритилди. Ушбу тартиб жорий этилганидан буён судларга келиб тушаётган даъво аризалари (аризалар), фуқаролик, жиноят ишлари, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳамда материаллар “Автоматик тарзда ишларни тақсимлаш модули дастурий таъминоти” орқали судьялар ўртасида тақсимланадиган бўлди.
Мазкур автоматлаштирилган тизим ишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашни кучайтириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган йўл харитасининг 32-бандида “Судлар тўғрисида”ги Қонунга суд раислари ваколатидан ишларни тақсимлаш билан боғлиқ нормаларни чиқариб, ишларни судьяларга фақат автоматик равишда тақсимланишини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш белгиланди. Мазкур банд ижросини таъминлаш мақсадида унинг ижроси бўйича 2020 йил 10 мартдаги “Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–607-сонли Қонуни билан судлар раисларининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш ва судлов таркибини шакллантиришга оид ваколатлари чиқариб ташланиб, ишларни судьяларга фақат автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимланиши қатъий белгилаб қўйилди.
Шу тариқа судларда ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш амалиёти бир муддат аввал жорий қилинган бўлиб, бугунги кунда самарали ишлаб келмоқда.
Судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш бўйича амалиёт жорий этилганлиги Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида алоҳида эътироф этилиб, 2021 йил 1 июлдан эътиборан ушбу амалиётни апелляция ва кассация инстанцияларига татбиқ қилиниши белгилаб қўйилди.
Ушбу Қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ҳозирда апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш тартибини жорий этишнинг техникавий, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси