Ж. ХОЛМУРАТОВНИНГ ИШИГА ОИД
2020 йил 20 майда Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри – Мнение народа” гуруҳида ва 2020 йил 12 июнда “Халқ назорати – Народный контроль” гуруҳида фойдаланувчи Jakhongir Kucharovich Kholmuratov томонидан эълон қилинган билдиришлар юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг 2019 йил 28 июндаги ҳукмига кўра, Ж. Холмуратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а”, “г” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисмининг “а” банди, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) нинг 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57 (енгилроқ жазо тайинлаш), 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 62-модда (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) лари тартибида 1 йил 2 ой моддий жавобгар ва мансабдор шахс вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 11 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 27 февралдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “г” бандлари, 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди, 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди, 227-моддасининг 1-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реаблитация қилиниб оқланган.
Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг “в”, “г” бандлари, 209-моддасининг 1-қисми, 207-моддасининг 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45, 59, 62-моддалари тартибида 1 йил 1 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 5 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ж. Холмуратов Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида берган шикоятида унга нисбатан чиқарилган суд қарорларини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси А. Аллаевнинг 2020 йил 15 июндаги суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажримига кўра, Ж. Холмуратовнинг жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг 2019 йил 28 июндаги ҳукми ва жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 27 февралдаги ажрими устидан назорат тартибида берган шикоятини қаноатлантириш рад этилган.
Ушбу ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят берилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати