Ш. ЖЎРАЕВНИНГ ИШИГА ОИД
2020 йил 22 июнда Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Татьяна Довлатова томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2020 йил 13 февралдаги ажримига кўра, 6-сонли ЖИЭК бошлиғининг маҳкум Ш. Жўраевга нисбатан тайинланган жазони ўталмай қолган муддатини турма тартибида ўташ учун ўтказиш ҳақидаги тақдимномаси қисман қаноатлантирилиб, ўталмай қолган жазо муддатининг 1 йили турма тартибида ўташ белгиланган.
Суднинг ажримида қайд этилишича, Ш. Жўраев жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2019 йил 26 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “а” банди билан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисообига ушлаб қолган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари, 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-модда (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) лари тартибида 10 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 2 июлдаги ажримига кўра озодликдан маҳрум қилиш жазоси 10 йил 2 ойга келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддасида жазони ўташ тартибини бузганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумлар, яъни сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларни колониядан турмага қайтариш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкинлиги, 112-моддасида жазони ўташ тартибини камида икки марта қўпол тарзда бузган ва бунинг учун интизомий бўлинмага киритиб қўйиш тарзидаги жазога тортилган маҳкум, агар ҳар бир интизомий жазо белгиланган тартибда олиб ташланмаган ёки бекор бўлмаган бўлса, сақлаш режимини ашаддий бузувчи ҳисобланиши белгиланган.
Ш. Жўраев жазо муддатини ўташ учун 6-сон жазони ижро этиш колониясига 2019 йил 1 августда келтирилганидан сўнг маҳкум Ш. Жўраевга 2019 йил 19-20 сентябрь кунлари содир этган тартиббузарлиги учун колония бошлиғининг 2019 йил 20 сентябрдаги қарорига кўра 5 кеча-кундуз, 2019 йил 9 ноябрда содир этган тартиббузарлиги учун колония бошлиғининг 2019 йил 11 ноябрдаги қарорига кўра 10 кеча-кундуз, 2020 йил 30 январда содир этган тартиббузарлиги учун 2020 йил 3 февралда 3 кеча-кундуз ҳибсхонага киритиб қўйиш интизомий жазолари қўллангани сабабли сақлаш режимини ашаддий бузувчи сифатида ўталмай қолган жазо муддатининг 1 йилини турмада ўтказиш учун ўтказилган.
Иш материаллари 2019 йил 19 июнда Ш. Жўраевнинг ҳимоячилари - адвокатлар Д. Раҳмонов ва Р. Нажмитдиновнинг хусусий шикоятлари асосида жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, суднинг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати