Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Жамшид Зикриллоевнинг видеомурожаати юзасидан
Даъвогарлар – “Марҳабо” универмаги ва Қашқадарё вилояти “Матлуботсавдо” акционерлик компанияси Қашқадарё вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар – Косон туман ҳокимлиги, Косон туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати, Косон туман “Бобур” чакана савдо бирлашмаси, учинчи шахслар – Косон туман Давлат солиқ инспекцияси, АТБ “Агробанк” Косон туман филиали, АТБ “Агробанк”и, Косон туман “Пўлати” савдо бирлашмасига нисбатан Косон туман ҳокимининг 1999 йил 2 июндаги 409/06-сонли ва 2009 йил 19 майдаги 3408/05-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, Косон туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан 2008 йил 2 декабрда берилган 0689505 ва 290585-сонли гувоҳномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, “Марҳабо” универмаги биносидан “Бобур” савдо бирлашмасини мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.
Биринчи инстания судининг 2010 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Шунингдек, хусусий ажрим чиқарилиб, Қашқадарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри бўлимига юборилган.
2010 йил 16 июндаги апелляция инстанцияси суди қарори билан 2010 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан келтирилган кассация тартибидаги протестга асосан кассация инстанцияси суди 2010 йил 17 августдаги қарори билан биринчи инстания судининг 2010 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ҳамда апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 16 июндаги қарори бекор қилинган ҳамда иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Суднинг 2010 йил 26 ноябрдаги ажрими билан “Матлуботсавдо” АК “Истеъмол кафолат савдо” МЧЖга алмаштирилган.
Биринчи инстанция судининг 2010 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори билан Косон туман “Марҳабо” универмагининг даъвоси рад этилган.
“Марҳабо” универмаги ва “Истеъмол кафолат савдо” МЧЖ томонидан берилган кассация шикоятига асосан 2011 йил 22 мартдаги қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2010 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилган ва янги қарор қабул қилган.
Мазкур қарор билан Косон туман ҳокимининг 1999 йил 2 июндаги 409/06-сонли ва 2009 йил 19 майдаги 3408/05-сонли қарорлари, Косон туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан берилган 2008 йил 2 декабрдаги 0689505 ва 290585-сонли гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб топилган. “Марҳабо” универмаги биносидан “Бобур” савдо бирлашмаси мажбурий тартибда чиқарилган.
Ушбу қарор бекор қилинмаган ёки ўзгартирилмаган. Шикоят ёхуд протест келтириш муддатлари ўтиб бўлган. Суд қарори қонуний кучида.
Мулк ва ер майдони учун берилган 2 та гувоҳноманинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, яъни “Марҳабо” универмагини давлат тасарруфидан чиқаришда “Бобур” ЧСБ томонидан тўланган пулларни қайтариш юзасидан иқтисодий судга даъво ариза берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси