March 10, 2021

Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Бахриддин Баратовнинг саҳифасида эълон қилинган билдириш юзасидан

Даъвогар Ш. Тожиева жавобгар А. Мирзаевга нисбатан судга фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Ш. Тожиеванинг даъво талаби сиртдан қаноатлантирилган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 285-моддасига кўра, жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли.

Мазкур Кодекснинг 288-моддасига кўра, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза у келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўриб чиқилади.

Ушбу Кодекснинг 290-моддасига кўра, агар сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда суд тарафнинг суд мажлисига келмаганлигига узрли сабаблар борлигини ва бу ҳақда судни ўз вақтида хабардор қилиш имконияти бўлмаганлигини ҳамда тараф сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган далилларни тақдим қилаётганлигини аниқласа, сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни мазмунан кўриб чиқиш тикланиши лозим.

Жавобгар А. Мирзаев мазкур ҳал қилув қарорини бекор қилиб ишни қайта кўриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Суднинг 2021 йил 24 февралдаги ажрими билан жавобгар А. Мирзаевнинг аризаси қаноатлантирилиб, 2021 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган ва фуқаролик ишини судда мазмунан кўриш учун тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

ҳамкорлик бошқармаси