YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Б. Яндашевнинг видеомурожаати юзасидан
Беҳзод Яндашев 2020 йил 23 январь куни соат 14:30 лар атрофида “Транс-Сервис-Зарафшон” МЧЖга тегишли, ижара шартномаси асосида ўзининг вақтинча фойдаланишида бўлган “Матиз” русумли 85 322 ТТВ давлат рақам белгили автомашинани бошқариб бораётиб, Зарафшон шаҳри, “Тинчлик” ва “Юлдуз” кўчалари кесишган чорраҳада амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандини қўпол равишда бузган. Аниқроқ айтганда, қарама-қарши йўналиш бўйича “Тинчлик” кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган фуқаро Сафариддин Қурбонов бошқарувидаги “Кобалт” русумли, 85 F 706 GA давлат рақам белгили автомашина билан тўқнашиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Натижада Б. Яндашев томонидан С. Қурбоновга 20 780 000 сўмлик моддий зарар етказилган.
Ушбу маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, Б. Яндашев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидагит кодекснинг 133-моддаси билан айбли деб топилган. Мазкур суднинг 2021 йил 12 февралдаги қарорига кўра, Б. Яндашевга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 115 000 сўм жарима жазоси тайинланган. Шунингдек, ҳуқуқбузар Б. Яндашевдан жабрланувчи С. Қурбоновга етказилган 20 780 000 сўмлик моддий зарарни ундириш белгиланган.
Бинобарин, “Транс-Сервис-Зарафшан” МЧЖга “Матиз” русумли автомашинага етказилган 12 145 000 сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Б. Яндашевнинг мазкур қарор юзасидан келтирган апелляция шикояти 2021 йил 24 март куни Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2021 йил 12 февралдаги қарори ўзгаришсиз, Б. Яндашевнинг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси